Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

Ахборот сиёсати тўғрисидаги низоми

2016 йил 5 октярдаги
«Ўзбекнефтгаз» МХК
Бошқарувчилар кенгаши
мажлисининг баённомасига илова

«ТАСДИҚЛАНГАН»
2016 йил 5 октярдаги
«Ўзбекнефтгаз» МХК
Бошқарувчилар кенгаши
мажлисининг қарори билан

«ЎЗБЕКНЕФТГАЗ» МИЛЛИЙ ХОЛДИНГ КОМПАНИЯСИ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ

АХБОРОТ СИЁСАТИ ТЎҒРИСИДА»ГИ

НИЗОМИ

Тошкент −2016 йил

I бўлим.

Умумий қоидалар

1.1. Мазкур ахборот сиёсати тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Акциядорлик жамиятларларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 02.07.2014й. 176 — сонли, "Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида«ги 31.12.2013й. 355 — сонли қарорлари, Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш Қоидалари (рўйхат № 2383, 31.07.2012й.), акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш Комиссияси йиғилишининг баённомаси билан (11.02.2016й. № 02-02/1-187) тасдиқланган корпоратив бошқарув Кодексининг тавсияларига ва «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси акциядорлик жамияти (мант бўйича — Компания) уставига мувофиқ ишлаб чиқилган.

1.2. Мазкур Низом мажбурий эълон қилиниши лозим бўлган ахборот ва ҳужжатлар рўйхатини белгилаб, уларни Компания томонидан тақдим этиш тартиби ва муддатини тартибга солади.

1.3. Ахборот сиёсатининг мақсади Компания акциядорлари, инвесторлар, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари ва бошқа манфаатдор шахсларни (матн бўйича — манфаатдор шахслар) Компания ва унинг фаолияти хақидаги ишончли маълумотга бўлган талабларини қондириш орқали Компания фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш.

1.4. Ахборот сиёсати манфаатдор шахсларни улар томонидан инвестицион ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун муҳим бўлган Компания ва унинг фаолияти ҳақида ишончли маълумот олиш бўйича тўла ҳуқуқларини таъминлашга ва Компания тўғрисида махфий ахборотни ҳимоя қилишга қаратилган.

1.5. Ахборотни тижорат сири деб ҳисоблаш, таърифлари ва ундан фойдаланиш тартиби Компания томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Тижорат сири тўғрисида«ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

II бўлим.

Ахборот сиёсатининг асосий тамойиллари

2.1. Ахборот сиёсатининг асосий тамойиллари информацион ресурсларнинг мунтазамлиги, тезкорлиги, очиқлиги, тўлиқлиги, тенг ҳуқуқлиги, мувозанатлилиги, ҳимояланганлиги ҳисобланади.

2.2. Мунтазамлик тамойили Компания томонидан мунтазам равишда манфаатдор шахсларга Компания тўғрисида ахборотни тақдим этилишига қаратилган.

2.3. Тезкорлик тамойили Компания қисқа муддатларда манфаатдор шахсларни Компаниянинг молиявий-хўжалик фаолиятига таъсир қилувчи шунингдек уларнинг манфаатларига дахлдор бўлган муҳим ҳодиса ва фактлар тўғрисида хабардор қилишни англатади.

2.4. Ахборотни очиқлиги тамойили шуни англатадики, Компания ўз фаолияти ҳақида ахборотни тарқатишни айни шундай йўллари ва усулларини қўллайдики, улар манфаатдор шахсларга ошкор этилаётган ахборотга эркин, осон ва танловсиз йўл очади.

2.5. Тўлиқлик тамойили Компания барча манфаатдор шахсларга ўзи ҳақидаги салбий ахборотни ошкор этишдан бош тортмаган ҳолда Компания, унинг фаолияти натижалари тўғрисида тўлиқ тасаввурни шакллантириш имконини бериш ҳажмида ҳақиқатга тўғри келадиган ахборотни тақдим этишини англатади.

2.6. Тенг ҳуқуқлилик тамойили Компания барча манфаатдор шахсларга Компания фаолияти ҳақида ахборотни олиш ва фойдаланишга тенг ҳуқуқни таъминлашни англатади.

2.7. Мувозанатлилик тамойили Компаниянинг очиқлиги ва шаффофлиги хамда унинг тижорат манфаатларини таъминлаш ўртасидаги оқилона мувозанатга риоя қилишни назарда тутади. Бунда мажбурий шартлар қуйидагилар ҳисобланади:

2.7.1. махфий ахборотни ҳимоялаш;

2.7.2. қонунчилик ва Компания ички ҳужжатлари билан белгиланган инсайдер ахборотни тарқатиш ва фойдаланиш қоидаларга риоя қилиш.

2.8. Ҳимояланганлик тамойили қонунчилик томонидан рухсат этилган тижорат ёки бошқа сирни ташкил этадиган ёки махфий ахборот ҳисобланган ахборотни ҳимоялаш усул ва воситаларидан фойдаланишни назарда тутади.

III бўлим.

Қонунчиликка мувофиқ ошкор қилиниши зарур бўлган маълумотлар рўйхати, уларни ошкор қилиш муддатлари ва тартиби

3.1. Компания мажбурий тарзда ошкор этиладиган ахборотни Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Акциядорлик жамиятларларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 02.07.2014й. 176 — сонли, "Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 31.12.2013й. 355 — сонли қарорлари, Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш Қоидалари (рўйхат № 2383, 31.07.2012й.) ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳажм, муддат ва усулларда ошкор қилади.

3.2. Ахборотни мажбурий тарзда ошкор этиш қуйидагича амалга оширилади:

3.2.1. корпоратив ахборот ягона порталида (қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида);

3.2.2. Компаниянинг корпоратив веб сайтида;

3.2.3. қонуний хужжатларда кўзда тутилган ҳолларда оммавий ахборот воситаларида.

3.3. қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг расмий веб сайтида ошкора этилиши мажбурий бўлган ахборотга эга ҳужжатлар қуйидагилардир:

3.3.1. қимматли қоғозлар эмиссияси рисоласи (қимматли қоғозлар оммавий жойлаштирилган тақдирда);

3.3.2. Компаниянинг йиллик ҳисоботи, шу жумладан молиявий ҳисоботларни халқаро стандартларига асосан тузилгани;

3.3.3. биринчи чорак, биринчи ярим йиллик ва тўққиз ой якунлари бўйича Компаниянинг чораклик ҳисоботлари;

3.3.4 Компания фаолиятидаги муҳим факт тўғрисида хабар.

3.4. Компания юқорида қайд этилган ахборотни қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш Қоидаларида (рўйхат № 2383, 31.07.2012й.) белгиланган муддат, тартиб ва шаклда ошкор қилади.

3.5. Компания қимматли қоғозлари фонд биржасининг биржа котировка варағига киритилган ва (ёки) унда мавжуд бўлган ҳолда, Компания барча зарур ахборотни биржа бюллетени тўғрисидаги низом талабларига асосан ошкор қилади.

3.6. Компания ўзининг расмий веб сайтига эга (www.ung.uz.) ва ушбу сайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Акциядорлик жамиятларларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги 02.07.2014 йилдаги 176 — сонли қарори билан белгиланган рўйхатдаги ахборотни ошкор этилишини таъминлайди.

3.7. Оммавий ахборот воситаларида мажбурий тарзда ошкор этилиши лозим бўлган ахборот қуйидагилар:

3.7.1. акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабар;

3.7.2. Компания манзили (почта адреси) ва электрон почта манзили ўзгаргани тўғрисидаги хабар;

3.7.3. имтиёзли ҳуқуқга эга бўлган Компания акциядорларига акция ва акцияга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни харид қилиш таклифи;

3.7.4. Компания акцияларни қайтариб сотиб олиш тўғрисидаги ахборот;

3.7.5. Компанияни тугатиш ҳамда унинг кредиторлари талаблари бўйича аризалар бериш муддати ва тартиби тўғрисидаги ахборот.

IV бўлим.

Қўшимча ахборотни ошкор қилиш рўйхати ва тартиби

4.1. Компания манфаатдор шахслар учун қулай бўлган сайтни инглиз, рус ва бошқа тиллардаги кўринишларини яратиш, уларда давлат тилида мавжуд барча маълумотларни тегишли тилга таржима қилган ҳолда жойлаштириш орқали Компания расмий веб-сайтини такомиллаштиришни таъминлайди.

4.2. Компания ўз расмий веб-сайтида қуйидаги қўшимча ахборотни ошкор қилади:

4.2.1. корпоратив бошқарув Кодекси тавсияларига ва унга риоя қилишга амал қилиш мажбуриятини қабул қилганлик тўғрисидаги ахборот;

4.2.2. Бошқарув аъзолари, шу жумладан Компанияда иш даври тўғрисидаги маълумот;

4.2.3. Компания Бошқарув аъзолари фаолияти самарадорлигини ва корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижалари;

4.2.4. Компаниянинг 20 фоиздан ортиқ акцияларига эга бўлган акциядорлар ҳақида маълумот;

4.2.5. соф фойдани кутилаётган тақсимоти, дивидендлар миқдори, уларни Компанияда қабул қилинган дивиденд сиёсатига мос келишини баҳолаш асоси шунингдек зарур ҳолда Компанияни ривожлантириш эҳтиёжи учун соф фойданинг маълум қисмини йўналтириш ҳажмини изоҳлаш ва иқтисодий асослантириш;

4.2.6. кутилаётган соф фойдани кўрсатган ҳолда инвестиция лойиҳалари шаклида амалга ошириладиган кенгайиш, реконструкция ва техник қайта жиҳозлаш бўйича Компания режалари;

4.2.7. мавжуд бўлган ҳолда акциялар котировкалари ҳамда фундаментал ва техник таҳлил натижалари, экспертлар ва маслаҳатчилар шархлари ва прогнозлари бўйича маълумот;

4.2.8. мавжуд бўлган ҳолда Компания бизнес турлари бўйича капитал қиймати ва Компания капитали ўртача қийматини ушбу кўрсаткичлар қийматини асослантирилган ҳолда;

4.2.9. Хайрия (ҳомийлик) кўрсатиш (олиш) тартиби, шартлари тўғрисида ва хайрия (ҳомийлик) ёки беғараз ёрдам тўғрисида қарорлар қабул қилиш шунингдек ҳақиқатда кўрсатилган (олинган) хайрия (ҳомийлик) ёки беғараз ёрдам тўғрисидаги ахборот.

4.3. Бошқарувчилар кенгаши ва Бошқарув аъзоларига ҳақ ва компенсациялар миқдори тўғрисидаги маълумот акциядорлар умумий йиғилишида ошкора этилади ва акциядорлар умумий йиғилиши баёнига киритилади.

4.4. Компания у ҳақидаги маълумотни қонунчиликда ахборотни ошкор қилиш учун назарда тутилган бошқа манбаларда ошкор этилишини таъминлайди.

V бўлим.

Компания бошқарув органлари аъзолари, мансабдор шахслари, ходимлари ҳамда Компания манфаатдор шахслари ўртасида ахборот алмашинуви тартиби

5.1. Компания бошқарув органлари аъзолари, мансабдор шахслари, ходимлари ҳамда Компания манфаатдор шахслари ўртасида ахборот алмашинуви учун Компания у орқали ахборот алмашинуви амалга ошириладиган маъсул ходимни тайинлайди.

5.2. Манфаатдор шахсларнинг ушбу Низомда кўзда тутилган ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги ёзма (электрон) талабига биноан, Компаниянинг маъсул ходими, агар қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлмаса, бир ҳафта мобайнида барча керакли ахборотни электрон тарзда тақдим этади.

5.3. Агар ҳужжатлар нусхалари берилиши талаб этилса, манфаатдор шахс миқдори ҳужжатлардан нусхани тайёрлаш ҳаражатларидан ортмаган ҳолда тўловни ва ҳужжатларни почта орқали жўнатиш билан боғлиқ ҳаражатлар тўловини амалга оширади.

5.4. Акциядорлар Компания ва унинг фаолияти тўғрисидаги хизмат, тижорат ёки қонун томондан ҳимояланадиган бошқа сирларни ошкора қилиш ҳуқуқига эга эмас.

VI бўлим.

Компаниянинг ахборот сиёсатига риоя қилиш назоратини таъминлаш бўйича чоралар

6.1. Ушбу Низомда назарда тутилган ахборотни ошкор қилиш ҳамда Компания тўғрисида ахборотни оммавий ахборот воситаларида ошкор қилишга Компаниянинг корпоратив котиби (мавжуд бўлса) ёки шундай ваколатлар тақдим этилган тегишли таркибий бўлинма масъул ходими масъул ҳисобланади.

6.2. Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарларидан ташқари бошқа шахслар Компания номидан расмий чиқишга ҳақли эмас.

6.3. Ахборотни тўлиқлиги, ишончлилиги ва ўз вақтида ошкора этилишига Компания Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари жавобгардир.

6.4. Мазкур Низом талабларини бажарилиши тўғрисидаги Бошқарувнинг ҳисоботи Компания Бошқарувчилар кенгаши хар чорак эшитиб боради.

VII бўлим.

Якуний қоидалар

7.1. Мазкур Низомга мувофиқ ошкор қилинаётган маълумотларни ташкиллаштириш, холати ва ҳаққонийлиги учун мажбурият Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарларига юклатилади.

7.2. Ахборотни ўз вақтида, сифатли, ишончли ва тўлиқ ошкор қилиш Бошқарув фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан ва унга ҳақ (бонуслар) тўлаш шартларидан бири ҳисобланади.

7.3. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор шахслар, ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

7.4. Мазкур Низом Компания Бошқарувчилар кенгаши тасдиқлаган кундан эътиборан кучга киради.

7.5. Агар мазкур Низомни бирон бир қоидаси ўз кучини йўқотган бўлса, бу қоида бошқа қоидаларни тўхтатиш учун сабаб бўлмайди.

7.6. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ва Компания уставида мазкур Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва Компания устави қоидалари қўлланилади.

 

«Ўзбекнефтгаз» МХК ахборот сиёсати тўғрисидаги низоми (.pdf 138КБ)

Сўнгги ўзгартириш: 04.05.2017

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech