Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

Дивиденд сиёсати тўғрисидаги низом

«Ўзбекнефтгаз» МХК 
акциядорларнинг йиллик умумий 
йиғилишининг 04.11.2016й. 2-сонли 
баённомасига 8-илова 

«ТАСДИҚЛАНГАН» 
«Ўзбекнефтгаз» МХК 
акциядорларнинг йиллик умумий 
йиғилишининг 2016 йил 4 ноябрдаги 
қарори билан 


«ЎЗБЕКНЕФТГАЗ» МИЛЛИЙ ХОЛДИНГ 
КОМПАНИЯСИ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ 
ДИВИДЕНД СИЁСАТИ ТЎҒРИСИДАГИ 
НИЗОМИ 
Тошкент — 2016 йил 


I-бўлим. 

Умумий қоидалар 


1.1. Мазкур «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси акциядорлик жамияти дивиденд сиёсати (матн бўйича — Дивиденд сиёсати) Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида«ги қонунларига, Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси йиғилишининг баённомаси билан (11.02.2016й. № 02-02/1-187) тасдиқланган Корпоратив бошқарув кодексининг тавсияларига, «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси акциядорлик жамияти (матн бўйича — Компания) уставига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган. 

1.2. Мазкур Дивиденд сиёсатида қуйидаги термин ва тушунчалар ишлатилади: 

дивиденд — Компания соф фойдасининг акциядорлар ўртасида тақсимланадиган қисми; 

Дивиденд сиёсати — Компания фойдасининг тақсимланиши борасида Компаниянинг сиёсати яъни дивидендларни акциядорлар ўртасида тақсимлаш; 

соф фойда — солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин Компания ихтиёрида қоладиган фойда; 

дивидендлар тўловлари фонди — Компаниянинг оддий акцияларига дивидендлар тўлаш учун йўналтирилаётган соф фойданинг миқдори. 

1.3. Мазкур Дивиденд сиёсатининг асосий мақсади дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш, миқдорини белгилаш, уларни тўлаш тартиби ва муддатлари шаффоф ва акциядорларга тушунарли механизмини белгилаш. 

1.4. Компания дивиденд тўловлари қолдиқ сиёсатига риоя қилади. Ушбу сиёсат фойда ҳисобидан Компаниянинг инвестицион имкониятларини амалга ошириш учун тўлиқ таъминловчи ўз молия ресурларини шакллантириш ихтиёжлар қондирилгандан сўнг дивиденд тўлаш фонди тузилишини назарда тутади. 

1.5. Мазкур Дивиденд сиёсати 2020 йилнинг 1 январига қадар амал қилади. 

Ушбу муддат тугаганидан сўнг Компаниянинг ривожланиш стратегиясида белгиланган мақсадлар ва вазифалардан келиб чиқиб Компания томонидан навбатдаги Дивиденд сиёсати қабул қилинади. 


II-бўлим. 

Дивидендлар миқдорини ҳисоблаш принциплари 


2.1. Дивидендлар миқдорини ҳисоблаш мустақил аудиторлик ташкилоти томонидан ҳаққонийлиги тасдиқланган, Компаниянинг молиявий ҳисоботида акс эттирилган Компаниянинг соф фойдасидан келиб чиқиб амалга оширилади. 

2.2. Дивидендлар миқдорини ҳисоблашда қуйидаги принципларга риоя қилинада: 

2.2.1. дивидендлар миқдорини аниқлаш механизмининг шаффофлиги; 

2.2.2. акциядорларнинг яқин (даромад олиш) ва узоқ (Компанияни ривожлантириш) муддатдаги манфаатларини баланслаштирилганлиги; 

2.2.3. Компаниянинг инвестицион жозибадорлигини ва капиталлашуви даражасини оришга йўналтириш. 


III-бўлим. 

Дивидендлар миқдорини ҳисоблаш тартиби 


3.1. Дивидендлар миқдори Компаниянинг ўтган даврдаги молиявий хўжалик фаолияти натижаларига боғлиқдир. 

3.2. Бир дона оддий акцияга дивидендлар тўловлари миқдори қуйидаги формулага асосан ҳисобланади: 

ДТМОА = ДТФ/СОА , бунда 

ДТМОА — бир дона оддий акцияга дивидендлар тўловлари миқдори; 

ДТФ — дивидендлар тўловлари фонди; 

СОА — Компания томонидан жойлаштирилган оддий акциялар сони. 

Компаниянинг бир дона оддий акциясига дивиденд миқдори бир тийингача аниқлик билан ҳисобланади. 

3.3. Бунда, дивидендлар тўловлари фондининг миқдори (ДТФ) қуйидаги тартибда ҳисобланади: 

3.3.1. Соф фойданинг 5 фоизи Компаниянинг захира фондини шакллантиришга йўналтирилади (захира фонди Компаниянинг уставида белгиланган миқдорга етгунига қадар); 

3.3.2. Бошқарувчилар кенгашининг тавсияси асосида соф фойданинг бир қисми уй-жой қуриш ва сотиб олиш фондини шакллантиришга йўналтирилади; 

3.3.3. Бошқарувчилар кенгашининг тавсияси асосида соф фойданинг бир қисми Компанияни ривожлантиришга, шу жумладан Компаниянинг инвестицион мақсадларига ва ихтиёжларини қаноатлартиришга, кредитларни тўлашга ва бошқа мақсадларга йўналтирилади; 

3.3.4. Соф фойда, мазкур Низомнинг 3.3.1., 3.3.2. и 3.3.3. кичик бандларида акс эттирилган суммаларни айирилган холда дивидендлар тўловлари фондини шакллантиради. 

3.4. Компания дивидендларнинг миқдорини улардан ундириладиган солиқларни инобатга олмаган ҳолда эълон қилади. 

3.5. Дивидендлар тўловлари миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тавсия қилинган даражадан кам бўлмаслиги лозим. 

3.6. Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади. 


IV-бўлим. 

Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш тартиби 


4.1. Жойлаштирилган оддий акцияларга дивиденд тўлаш (ҳисоблаш) тўғрисида қарор қабул қилиш Компаниянинг мажбурияти эмас балки хуқуқидир. Аммо Компания акцияларнинг ҳар бир тури бўйича эълон қилинган дивидендларни тўлаши шарт. 


4.2. Дивидендлар тўлаш ҳақида қарор қабул қилиниши учун Компаниянинг Бошқарувчилар кенгаши дивидендлар миқдори бўйича тавсиясини акциядорлар умумий йиғилишига тақдим қилади. 

4.3. Тавсия тайёрлашда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун хужжатлари қоидалари: 

4.3.1. дивидендларнинг миқдори Компания Бошқарувчилар кенгаши томонидан тавсия этилган миқдордан кўп бўлиши мумкин эмаслигини; 

4.3.2. акциядорларнинг умумий йиғилиши дивидендлар тўламаслик тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлилиги инобатга олинади. 

4.4. Компания молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. 

4.5. Компаниянинг акциялари бўйича дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. 

4.6. Компаниянинг молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги ва тўққиз ойи натижаларига кўра дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарори тегишли давр тугагандан кейин уч ой ичида қабул қилиниши мумкин. 


V-бўлим. 

Дивидендларни тўлаш шақли, муддати ва тартиби 


5.1. Дивидендлар Компаниянинг Компания тасарруфида қоладиган соф фойдасидан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади. 

5.2. Дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари ёхуд Компаниянинг қимматли қоғозлари билан тўланиши мумкин. 

5.3. Дивидендлар тўланади: 

5.3.1. юридик шахсларга нақдсиз шаклда уларнинг банк ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказиш йўли билан; 

5.3.2. жисмоний шахсларга нақдсиз шаклда уларнинг пластик карталарига ёхуд талаб қилиб олингунча омонат ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказиш йўли билан. 

5.4. Компания Ўзбекистон Республикаси норезидент акциядорининг ёзма талабига кўра унга ҳисобланган дивидендларни эркин айирбошланадиган валютага айирбошлаб, маблағларни норезидент акциядор тақдим этган банк ҳисобварағига ўтказиб бериши шарт. 

5.5. Акциядорнинг ёзма аризасига асосан ҳисобланган, лекин акциядорга тўланмаган дивидендлар белгиланган тартибда Компаниянинг акцияларини олишга йўналтирилиши мумкин. 

5.6. Дивидендларни тўлаш муддати ва тартиби акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорида белгиланади. Дивидендларни тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан кеч бўлмаслиги лозим. 

5.7. Акциядорларга дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган Компания акциядорларининг реестрида қайд этилган шахслар акциялар бўйича дивиденд олиш ҳуқуқига эга. 

5.8. Эгаси ёки эгасининг қонуний ҳуқуқий вориси ёхуд меросхўри томонидан уч йил ичида талаб қилиб олинмаган дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра Компания ихтиёрида қолади. 

5.9. Дивидендлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланган муддатларда Компаниянинг айби билан тўланмаган (олинмаган) тақдирда тўланмаган (олинмаган) дивидендлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаларидан келиб чиққан ҳолда пеня ҳисобланади. Тўланмаган (олинмаган) дивидендлар бўйича ҳисобланадиган пенялар миқдори тўланмаган (олинмаган) дивидендлар миқдорининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак. 

5.10. Акциядор Компания томонидан ҳисобланган дивидендлар ва пенялар тўланишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Акциядорнинг талаблари суд томонидан қаноатлантирилганда дивидендлар Компания томонидан тўланмаган тақдирда, Компанияга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўловга қобилиятсизликни бартараф этиш ёки банкрот деб эълон қилиш тартиб-таомили қўлланилади. 

5.11. Акциядор унга тегишли дивидендлар ўтказилиши лозим бўлган банк ҳисоб рақамлари ҳақидаги ахборотни ўз вақтида Компанияни хабардор қилиши лозим. Акциядор ҳисобланган дивидендлар ўтказилиши лозим бўлган банк ҳисоб рақамлари ҳақидаги ахборотни тақдим этмаган ҳолларда, бунинг оқибатида акциядорга етказилган зарар учун Компания жавобгар бўлмайди. 


VI-бўлим. 

Дивидендларни тўлашга доир чекловлар 


6.1. Компания: 

6.1.1. агар дивидендлар тўланадиган пайтда Компанияда банкротлик белгилари мавжуд бўлса ёки Компанияда шундай белгилар дивидендларни тўлаш натижасида пайдо бўлса; 

6.1.2. агар Компания соф активларининг қиймати унинг устав фонди (устав капитали) ва захира фонди суммасидан кам бўлса, акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда дивидендлар тўлашга ҳақли эмас. 

6.2. 6.1. бандда кўрсатилган ҳолатлар тугатилгач, Компания ҳисобланган дивидендларни акциядорларга тўлаши шарт. 

6.3. Компаниянинг қайтариб сотиб олинган ўз акциялари бўйича дивидендлар ҳисобланмайди. 


VII-бўлим. 

Дивидендлар тўланиши ҳақида акциядорларни хабардор қилиш 


7.1. Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», "Қимматли қоғозлари бозори тўғрисида«ги қонунларига, шунингдек «Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш тўғрисидаги» қойидаларига (31.07.2012й. рўй.№ 2383) мувофиқ қимматли қоғозлар бўйича даромадларни ҳисоблаш тўғрисидаги маълумотлар Компаниянинг ваколатли органининг тегишли баённомаси тузилган санадан икки иш куни давомида Компаниянинг расмий веб-сайтига (www.ung.uz) хамда Корпоратив ахборот ягона порталида (www.openinfo.uz) ошкор қилинади. 


VIII -бўлим. 

Якуний қоидалар 


8.1. Мазкур Низом акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган кунидан эътиборан кучга киради. 

8.2. Агар мазкур Низомни бирон бир қоидаси ўз кучини йўқотган бўлса, бу қоида бошқа қоидаларни тўхтатиш учун сабаб бўлмайди. 

8.3. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик хужжатларида мазкур Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик хужжатлари қоидалари қўлланилади.

 

«Ўзбекнефтгаз» МХК дивиденд сиёсати тўғрисидаги низом (.pdf 307КБ)

Сўнгги ўзгартириш: 04.05.2017

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech