«Ўзэкспомарказ»да очилган тармоқ саноат ярмаркасида 780 дан зиёд корхона маҳсулотлари намойиш этилмоқда

Печать

"Ўзэкспомарказ«да ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси ҳамда геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси тармоқ саноат ярмаркаси иш бошлади. 

Президентимиз раҳнамолигида Саноат тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш жараёнида маҳаллий хомашё маҳсулотларидан импорт ўрнини босадиган, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тармоқ саноат ярмаркалари ва биржалар якунлари, тузилаётган шартномалар ҳажми, иштирокчилар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани бунинг тасдиғидир. 

2016 йилда ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси ҳамда геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси тармоқ саноат ярмаркаси доирасида иштирок этган 550 га яқин корхона томонидан 3 минг 500 дан зиёд турдаги маҳсулот намойиш этилганди. Уларнинг 130 дан ортиғи маҳаллийлаштириш дастури асосида ўзлаштирилган янги маҳсулот ҳисобланади. 

Бу йилги тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 780 дан зиёд корхона, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашмоқда. Улар орасида «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзқурилишматериаллари», «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекэнерго», «Ўзметкомбинат», «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, «Ўзмонтажмахсусқурилиш» акциядорлик компанияси, Навоий, Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари сингари йирик ишлаб чиқарувчилар бор. Улар маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар, ишлаб чиқариш янгиликлари ва ўзлаштириш учун мўлжалланаётган маҳсулотларни намойиш этмоқда. 

Мамлакатимиз металлургия саноати корхоналари изчил тараққий этаётган тармоқлардан бири сифатида наинки қазиб олиш, балки маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш йўналишида ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда. Тармоқнинг йирик корхоналаридан бири Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолияти бунинг ёрқин мисолидир. Комбинат таркибида олтита маъдан қазиб олувчи корхона, бешта бойитиш фабрикаси, иккита металлургия заводи билан бир қаторда нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш маркази, цемент, мис қувурлари, таъмирлаш-механика, оҳак заводлари, шунингдек, йигирмадан зиёд ёрдамчи цех ва лаборатория фаолият кўрсатмоқда. 

Жорий йилда комбинатда маҳаллийлаштириш дастури доирасида сантехника буюмлари учун аралаштиргичлар, лентали конвейерлар, ГРАТ туридаги насослар, турли эҳтиёт қисмлар сингари 32 турдаги маҳсулотни ўзлаштириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши қарийб 3 миллион 100 минг долларлик маблағларни тежаб қолиш имконини беради. 

Тошкент қувур заводи кўргазма стенди ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу ерда қувур, арматура, симларнинг турли намуналари каби анъанавий маҳсулотлар билан бир қаторда маҳаллийлаштирилган ва ўрта муддатли истиқболда ўзлаштирилиши мўлжалланаётган маҳсулотлар намойиш этилмоқда. 

— Тармоқ саноат ярмаркасида иштирок этиш тўғридан-тўғри шартнома тузиш, турдош корхоналар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги шериклар топишда муҳим омил бўлмоқда, — дейди «Тошкент қувур заводи» қўшма корхонаси бўлим бошлиғи ўринбосари Л.Раҳматов. — Ярмарканинг биринчи куниданоқ маҳсулот етказиб бериш бўйича 4 миллиард сўмлик шартномалар имзоладик. 

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар, хусусан, ҳаракатланувчи таркибни таъмирлаш ва модернизация қилишга ихтисослаштирилган Қуюв-механика заводида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида янги вагонлар ишлаб чиқариш, пўлат қуйиш, ҳаракатланувчи таркиб ҳамда йўлларнинг устки тузилиши учун эҳтиёт қисмлар, деталлар тайёрланмоқда. Завод ўз маҳсулотлари билан бошқа тармоқларни ҳам таъминламоқда. 

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган 8 мингта корхона томонидан юз турдан зиёд қурилиш материали ишлаб чиқарилмоқда. 

Қурилиш индустриясининг жадал ривожланишида «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятининг алоҳида ўрни бор. Жорий йилнинг биринчи чорагида жамият таркибидаги корхоналар томонидан 732 миллиард сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиб, ўсиш 106,1 фоизни ташкил этган. 



Жамият ахборот хизмати маълумотларига кўра, 2017 йилги инвестиция дастуридаги 15 лойиҳа бўйича 6 миллион 200 минг долларлик маблағ ўзлаштирилган бўлиб, бу белгиланган прогноздан 1,6 марта кўп деганидир. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қарийб 4 миллиард 800 миллион сўмлик 5 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу шу пайтга қадар хориждан келтирилган биргина санфаянс маҳсулотининг импортини 3 миллион долларгача камайтириш имконини берган. 

Кўргазмада кичик бизнес субъектлари вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўн йилдан бери мамлакатимиз ҳамда қўшни давлатлар бозорларига бир неча турдаги гипсокартон маҳсулотлари етказиб бераётган пойтахтимиздаги «Azia Mozaik» масъулияти чекланган жамияти шундай корхоналардан биридир. 

Корхона директори ўринбосари К.Ҳакимжоновнинг таъкидлашича, мамлакатимизнинг хомашё манбаларига бойлиги, аҳоли фаровонлигининг ортаётгани қурилиш саноатининг изчил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. «Azia Mozaik» корхонаси ҳам бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, маҳсулот турларини кўпайтириш устида изланмоқда. 



Кўргазма стендлари аҳолининг тайёр маҳсулотга бўлган талабини қондиришда кичик бизнес субъектларининг ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, «Fonus LED» корхонаси томонидан намойиш этилаётган ўн турдан зиёд энергиятежамкор диод лампалар сифати бўйича хорижнинг шу турдаги маҳсулотларидан қолишмаётгани туфайли харидоргир бўлиб бораётир. 

Хўжалик бирлашмаларининг соҳадаги техник ва технологик имкониятларини тўлиқ намойиш этиши учун кўргазма доирасида тақдимотлар ҳам ўтказилади. 

Ярмарканинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.

ЎзА

Сўнгги ўзгартириш: 08.06.2017 17:52