Бунёдкорлик ва ободонлаштириш – тараққиётимиз ва фаровонлигимизнинг ёрқин ифодаси

Печать

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 10 февраль куни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, мева-сабзавот ва пахтани қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳалари билан танишди, янги намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашди. Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича йиғилиш ўтказди. Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифининг иккинчи кунини Термиз шаҳрида перинатал марказини кенгайтириш, урология ва офтальмология марказларини ташкил этиш лойиҳалари билан танишишдан бошлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида бунёд этиладиган кўп қаватли уй-жойлар, деҳқон бозори ва савдо комплекси, замонавий истироҳат боғи лойиҳалари билан танишди.

Термиз шаҳрининг Навоий кўчасида қуриладиган деҳқон бозори ва савдо комплекси лойиҳасига 40 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Комплексда деҳқон бозори павильонлари, иккита кўп қаватли замонавий супермаркет, автомобиллар тўхташ жойи қуриш ва йил охиригача фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда.

Президентимиз Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази қурилиши билан танишди.

"Термиз таъминот" масъулияти чекланган жамияти негизида барпо этилаётган корхонада йилига 30 минг кубметр ДСП маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. 4,2 гектар майдонда 2,9 миллион доллар эвазига қад ростлайдиган янги мажмуада 160 иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ва “Комфорт инерт сервис” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилаётган гранит ва габбро тошларидан қурилишбоп пардозлаш плиталари ишлаб чиқариш, Термиз механика заводини кенгайтириш лойиҳалари билан ҳам танишди.

Давлатимиз раҳбари янги корхоналарни замон талабларига мос технологиялар билан жиҳозлаш, маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки экспортга йўналтириш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи, сафар давомида белгилаб берилган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар, одамлар билан самимий мулоқотлар воҳа халқига катта хурсандчилик бағишлади, уларни янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Манба: ЎзА

Сўнгги ўзгартириш: 22.02.2017 12:00