Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

“Ўзэкспомарказ”да X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда

Ярмарка доирасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, қатор йирик корхоналарнинг тақдимотлари бўлиб ўтди.

Саноат ярмаркасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси доимий иштирок этиб келмоқда. Унинг стендида авиакомпания фойдаланаётган ва маҳаллий корхоналарга ўзлаштириш учун таклиф этилаётган маҳсулотлар намойиш қилинмоқда. Форум қатнашчилари авиакомпаниянинг йўловчи ва юк ташиш бўйича имкониятлари, "Навоий" халқаро аэропортидаги юк терминалининг юкларга ишлов бериш ва вақтинча сақлашга доир хизматлари билан танишди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларида қурилиш-таъмирлаш материалларига бўлган талаб ортмоқда. Юртимизда бундай материаллар ишлаб чиқарадиган корхоналар талайгина. Кейинги йилларда улар сафига кичик бизнес субъектлари ҳам қўшилди, таклиф этилаётган маҳсулотлар тури ва сифати ошиб бормоқда.

– 2012 йилда ташкил этилган корхонамизда қурилишда ишлатиладиган қуруқ қоришмалар, травертин, бўёқ, эмульсия, лок ва бошқа қирқдан ортиқ импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди “Наманган порлоқ сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Толиб Муҳаммадиев. – Маҳаллий хомашёдан фойдаланилаётгани боис маҳсулотларимиз нархи хорижникидан анча арзон, сифати улардан қолишмайди. Ўтган йилги ярмаркада 220 миллион сўмлик шартномалар имзолаган эдик. Бу гал 400 миллион сўмлик шартнома тузишга муваффақ бўлдик.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, уларга замонавий, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни экспортга чиқаришда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самараларини бераётир.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида ўзаро фойдали музокаралар олиб борилиб, янги шартномалар имзоланмоқда.

Манба: ЎзА

Сўнгги ўзгартириш: 23.12.2016 18:20

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech