Нью-Йоркда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги ва бастакор Сулаймон Юдаков таваллудининг 100 йиллигига бағишланган мусиқали кеча бўлиб ўтди

Печать

Нью-Йоркда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган мусиқали кеча ҳамда унинг доирасида «Бастакор Сулаймон Юдаков ва унинг даври» конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Культура.уз» хабар бермоқда.

Тадбир АҚШ Бухоро яҳудийлари ёзувчилари, шоирлари ва журналистлари уюшмаси, АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси томонидан Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консуллиги билан ҳамкорликда, Bukharian Times газетаси кўмагида ўтказилди. Маданият маркази залига 25 йиллик сана, шунингдек, буюк ўзбек бастакори Сулаймон Юдаков таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш учун санъат арбоблари, олим, ёзувчи, шоирлар, бастакор меросини ўрганаётган мутахассислар тўпланди.

Сулаймон Юдаковнинг ижод йўли ҳақидаги чиқишлардан сўнг бўлиб ўтган концертда Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева, Иосиф Шаломаев, Тамара Катаева, Яков Хахамов ҳамда бошқа хонандалар бастакор томонидан басталанган қўшиқ ва арияларни ижро этди. Бастакор Эдуард Қаландаров ижросидаги Юдаков асарларидан попурри йиғилганлар томонидан илиқ қарши олинди.

Кеча қатнашчиларида яқинда Тошкентда чоп этилган «Сулаймон Юдаков. Барча даврлар учун мусиқа» китоби катта қизиқиш уйғотди. Тадбир бастакорнинг энг яхши асарларидан бири — «Жон Ўзбекистон» қўшиғи ижро этилиши билан якунланди.

daryo.uz

Сўнгги ўзгартириш: 05.09.2016 15:01