“Урганч” – йилнинг энг яхши аэропорти

Печать

Халқаро фуқаро авиациясининг “Аэропорт” ассоциацияси томонидан “Урганч” халқаро аэропорти 2015 йилнинг энг яхши аэропорти деб топилди. 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимизнинг доимий эътибори самарасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси халқаро авиаташувлар бозорида муносиб ўрин эгаллагани, қисқа муддатда ишончли, жадал ривожланиб бораётган авиакомпаниялар сафидан жой олгани алоҳида таъкидланди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 мартдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Урганч” халқаро аэропорти халқаро стандартлар асосида қайта қурилди. 

2014 йилда аэропортда соатига 600 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган иккита янги терминал ишга туширилди. Пул айирибошлаш шохобчаси, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, Duty-free дўкони ва кафетерийда замонавий шароит яратилган. 200 йўловчига мўлжалланган транзит, VIP, CIP заллари, экипаж учун дам олиш хонаси мавжуд. Терминалда сайёҳлар учун махсус ахборот хонаси жорий этилган. Улар бу ердан ҳудуднинг транспорт имкониятлари, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш жойлари ҳақида ва бошқа зарур маълумотларни олиши мумкин. Бинода авиация хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий текширув ускунаси ўрнатилган. Аэропорт Париж, Милан ва дунёнинг бошқа шаҳарларидан келаётган кўплаб сайёҳларни қабул қилмоқда. Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва юқори даражада хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган. 

“Урганч” аэропорти бир йўла икки номинация, яъни “МДҲ давлатларининг 2015 йил учун энг яхши аэропорти” ва “Туризм соҳасига қўшган улкан ҳиссаси” номинацияларида ғолибликни қўлга киритди. Тадбирда Халқаро фуқаро авиациясининг “Аэропорт” ассоциацияси бош директори Виктор Горбачёв “Урганч” аэропорти раҳбариятига Ассоциация кубоги ва махсус дипломни топширди. 

– Ўзбекистон аэропортларида амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация ва ободонлаштириш ишлари юксак самаралар бераётир, – дейди В.Горбачёв. – Уларнинг барчаси халқаро мақомга эга бўлиш билан бирга, парвозлар хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам ишончлидир. Ўзбекистон аэропортларида йўловчиларни текшириш ускуналари, энг сўнгги русумдаги замонавий ва ишончли техникалар жорий этилган. Учиш-қўниш йўлаклари реконструкция қилиниб, йўловчи терминаллари кўпайтирилмоқда. Хизмат кўрсатиш даражаси яхши йўлга қўйилгани диққатга сазовор. 

uza.uz

Сўнгги ўзгартириш: 20.06.2016 17:16