Ҳамкорлик юксак суръатларда ривожланмоқда

Печать

Тошкент шаҳрида 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Аннинг учрашуви бўлиб ўтди. 

Музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, ўзаро ҳамкорлик кўлами барча соҳаларда кенгайиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил май ойида Корея Республикасига давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари ўзаро ишонч ва ҳурмат, яқин дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган. Икки давлат ўртасидаги алоқалар 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация асосида тараққий этмоқда. 

Икки давлат ўртасида савдо алоқалари борасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган савдо, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилишга оид битимлар савдо-иқтисодий алоқалар ривожига хизмат қилмоқда. 

Музокарада Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги муносабатларни янги мазмун билан бойитиш, мамлакатларимиз ишбилармон доираларининг мулоқоти ва қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди. Сурғил кони негизида бунёд этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир. 

Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан Жанубий Кореяда Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтиришга устувор йўналиш сифатида қаралишини алоҳида қайд этди. 

Учрашувда Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболига оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. 

Шу куни Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Бош вазирлари Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи қурилиши ишларининг бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди. 

Мазкур даргоҳ мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқалари ва халқларимизнинг ўзаро дўстона ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. 

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари қаторида корейс миллатига мансуб ватандошларимизнинг ҳам ўз миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши, бойитиши ҳамда келгуси авлодларга етказиши учун кенг имкониятлар яратилган. Корейс миллати вакиллари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этмоқда. Уларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, бошқарув органларида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритаётгани, истиқлол йилларида 300 нафарга яқини мамлакатимиз давлат мукофотларига сазовор бўлгани бунинг яққол тасдиғидир. 

2017 йилда қуриб битказилиши мўлжалланаётган Корейс маданияти ва санъати уйи корейс халқининг бой маданияти ва ўзига хос санъати, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш ва тарғиб қилиш учун қулай замин яратади. 

– Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи барпо этилиши мамлакатингизда корейс миллатига мансуб фуқароларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир, – деди Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан. – Мамлакатларимиз жўғрофий жиҳатдан бир-биридан узоқ бўлса-да, маданиятимиз ва анъаналаримиз ўхшаш, халқларимизнинг фазилатлари ва мақсадлари муштарак. Жанубий Корея билан Ўзбекистон ўртасида 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилганидан сўнг қисқа фурсатда икки томонлама муносабатлар стратегик ҳамкорликнинг юксак даражасига кўтарилгани бизни жуда қувонтиради. 

Мазкур даргоҳ ўзбек ва корейс халқларининг ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш баробарида мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг изчил ривожланишида ҳам катта аҳамият касб этади. 

Корея Республикаси Бош вазири Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Юксак мартабали меҳмон Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ушбу муаззам майдонда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берди. 

Хван Гё Ан Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар билан танишди. 

uza.uz

Сўнгги ўзгартириш: 31.05.2016 18:26