«Ўзбекнефтгаз» МХК Бошқаруви Раиси А.Султановнинг маърузаси

Печать

«Мустақил Ўзбекистонда 25 йил давомида нефтгаз саноати обзори».

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Мустақил Ўзбекистоннинг 25-йиллик маррасидан ўтган нефтгаз индустрияси мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим рол ўйнайдиган иқтисодиётнинг чинакам етакчи тармоғига айланди. Чорак аср — тармоқ қайта шаклланишининг энг муҳим босқичлари акс этган, мамлакатнинг энергетик барқарорлигини таъминлаган даврдир. Тизимли ислоҳотлар ва кўламдор инвестицион лойиҳалар аҳоли, саноат, транспорт ва уй-жой-коммунал хўжалиги эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган юқори ликвидли маҳсулот ишлаб чиқаришни оширишга имкон берди. Эришилган натижалар компаниянинг бош миссияси жамият фаровонлигини таъминлаш ва мамлакатни изчил ривожлантиришдан иборат эканлигидан дарак беради.

Бу юртимизда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ёқилғи-энергетика ресурсларининг аҳамияти теран англанишидан далолат беради. Мураккаб шаклланиш даврида ёш давлат табиий газ, нефть ва газ конденсати бўйича улкан тасдиқланган саноат захираларига эга бўлиб турганига қарамасдан, барча иқтисодиёт соҳалари ва аҳолининг эҳтиёжларини таъминлаш учун ҳар йили тахминан 6-7 млн. тонна нефть ва унинг маҳсулотларини четдан олиб киришга мажбур бўлган. Бунинг учун каттагина валюта маблағлари сарфланган. Айнан шу боис Ўзбекистон раҳбарияти энергетик мустақилликка эришишга қаратилган ўта мураккаб стратегик вазифани бажариш йўналишини қатъий белгилади.

1992 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистон давлат нефть ва газ саноати концернини яратиш тўғрисидаги Фармон қабул қилингандан сўнг мамлакат нефтгаз индустрияси ривожланишининг янги тарихи бошланди. Концерн нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланувчи тарқоқ корхоналарни бирлаштирди. Бу эса ўз навбатида мамлакатга узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишга имкон яратди. Экспертлар баҳоларига мувофиқ Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги барча минерал-хом ашё захираларининг учдан бир қисми жамланган. Юртимиз газ қазиб чиқариш бўйича дунёдаги йигирмата етакчи компаниялар қаторига киради.

Мустақиллик йилларида мамлакатда мавжуд қувватларни реконструкция қилиш, янги завод, мажмуа ва қурилмалар, босим кучайтирувчи компрессор станциялар, ерости газ омборларини барпо этиш бўйича кўламли ишлар амалга оширилди. Тармоқ корхоналари томонидан кенг қамровли геологик қидирув ишлари, нефть ва газ қудуқлари юзасидан разведка ва эксплуатацион бурғилаш, нефть, газ ва газ конденсатини қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ишлари бажарилмоқда. Ўзбекистоннинг табиий гази республика истеъмолчиларига етказиб берилади, мамлакат ташқарисига экспорт қилинмоқда, қўшни давлатлардан табиий газ транзити таъминланмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон нефтгаз тармоғи — бу нафақат ер остидан ресурсларни қазиб чиқариш, балки хом ашёни қайта ишлаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мажмуалар тизимидир. 128 минг нафардан ортиқ мутахассислар самарали меҳнат қилаётган «Ўзбекнефтгаз» МХК вертикал интеграциялашган, уч поғонали холдинг компанияси бўлиб, унинг таркибига 200 дан зиёд корхоналар киради. Юқори даражада ривожланган индустрия маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотиш бўйича бутун бир йўналишни ўз таркибига интеграциялаштирди.

25-йиллик фаолияти давомида «Ўзбекнефтгаз» МХК Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшди. Тармоқдаги йирик инвестициялар, изчил институционал ислоҳотлар ёқилғи-энергетика мустақиллигига эришиш учун асос яратди, нефть ва газни қайта ишлаш индустриясини модернизациялаш ва ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш масаласида бой тажриба тўпланган. Унинг негизида ривожланган хом ашё базаси, технологик салоҳият ва хорижий компанияларнинг ҳамкорлик қилишдан ўта манфаатдорлиги мужассамлашган.

Фаол инвестицион сиёсат мамлакатнинг нефтгаз мажмуини ривожлантириш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлашда жиддий муваффақиятларга эришишга имкон яратди. Умуман олганда, Ўзбекистонга келиб тушаётган барча хорижий инвестицион ресурслар орасида учдан бир қисмидан ортиғи тармоқни ривожлантиришга йўналтирилган. «Ўзбекнефтгаз» МХК учун, айниқса, кейинги икки ўн йиллик жуда аҳамиятли бўлди.

Айнан 2000-йиллар бошидан бошлаб йирик хорижий инвестициялар жалб қилина бошланди. Республика қонунчилиги такомиллаштирилди, хорижий инвесторлар учун сезиларли солиқ имтиёзлари тақдим этилди. 2001 йилнинг декабрь ойида "Маҳсулотни бўлиш тўғрисида"ги Қонуни, 2002 йилда эса — "Ер ости бойликлар тўғрисида«ги Қонун қабул қилинди.

Умуман айтганда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан 1991-2016 йилларда 30,7 млрд. доллардан ортиқ маблағ, шу жумладан 17 млрд. доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди.

Кўрилган чоралар умумий қиймати 19,1 млрд. долларга тенг 92 та ишлаб чиқариш қувватларини жорий қилишни таъминлашга имкон яратди, айни пайтда 13,7 минг янги иш ўринлари яратилди.

Ушбу лойиҳаларда иштирок этиш учун мамлакатга бир қатор йирик хорижий компаниялар жалб қилинди ва улар нефть ва газни қазиб чиқариш, ёқилғи-энергетика мажмуининг ишлаб чиқариш салоҳиятини шакллантиришда фаоллик намойиш этишни давом эттирмоқдалар. Хорижий шериклар билан самарали ҳамкорлик ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими ортиши нефтгаз секторини Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг "локомотиви«га айлантирди.

Табиий газнинг экспорти ва транзитини таъминловчи улкан трансмиллий лойиҳа — «Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой» газ қувурининг қурилиши мамлакат учун муҳим воқеага айланди. Шу билан бирга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини қуриш ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш, ноёб Хўжаобод ерости газ омборини яратиш, минтақада энг йирик Шўртан газкимё мажмуасини барпо этиш, Сурғил кони негизида Устюрт ГКМни қуриш каби лойиҳаларни ва қатор бошқа объектларни айлоҳида тилга олиш лозим.

«ЛУКОЙЛ Оверсиз», «Газпром» (Россия), CNPC International (Хитой), CNODC, Korea National Oil Corporation, DAEWOO International, KOGAZ, Hyundai Engineering (Корея), Petro Vientam, HONEYWELL, UOP, General Electric (АҚШ) каби машҳур компаниялар билан яқин ҳамкорлик қилиш ҳисобига илғор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қулай имкониятлар яратилди.

Ўзбекистонда нефть ва газни қайта ишлашни учта нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ) таъминлайди: Фарғона НҚЗ — қуввати 6,45 млн. тонна, ва Бухоро НҚЗ — қуввати 2,5 млн. тонна, «Жарқурғоннефтниқайтаишлаш» ҚК — қуввати 250,0 минг тонна.

Нефть қазиб чиқаришнинг асосий ҳажми Ўзбекистон жануби-ғарбий ҳудудларидаги конлардан (Кўкдумалоқ, Шимолий Шўртан, Крук, Шимолий Ўртабулоқ ва ҳ.к.) унумли фойдаланиш ҳисобига таъминланади. Бундан ташқари, мамлакат ҳудудида 500 дан ортиқ кичик нефть қазиб чиқариш объектлари мавжуд.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Фарғона НҚЗ реконструкция қилиниши ишлаб чиқарилаётган нефть маҳсулотларида олтингугурт миқдорини камайтиришга имкон берди. 1998 йилда ушбу НҚЗ «Texaco Holding Incorporated» компанияси билан юқори сифатли сурков мойларини ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма корхонасини яратди. Дизель ёқилғисини гидродесульфуризациялаш (ДЁГ) мажмуаси ишга туширилиши натижасида Фарғона НҚЗда нафақт юқори сифатли дизель ёқилғиси, балки 60 турдаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошлади.

Бухоро НҚЗ фойдаланишга топширилгандан кейин эса Ўзбекистон бозорида AI-91 ва AI-95 турдаги юқори октанли автобензин, авиацион керосин, экологик тоза ва паст ҳароратларга чидамли дизель ёқилғи, олтингугурт ва қатор бошқа юқори эҳтиёжга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмлари ортди. Бундан ташқари, замонавий авиалайнерлар учун мўлжалланган jet-A-1 авиаёқилғини ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. 1997 йилда TEKNIP француз компанияси лойиҳалари асосида қурилган завод, бир йилда 2,5 млн. тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш қувватига эга бўлди.

Газни қайта ишлашга келсак, бу йўналиш нафақат суюлтирилган газ, конденсат, олтингугуртни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, балки кимёвий синтез учун табиий газнинг барча ресурсларидан чуқур фойдаланиш ва юқори ликвидли танқис маҳсулотларни олиш билан боғлиқ. Ҳозирғи вақтда «Ўзбекнефтгаз» МХК тизимида қуйидаги газни қайта ишлаш корхоналари фойдаланилади: Муборак ГҚЗ, Шўртан газ қазиб чиқариш мажмуаси, Шўртан ГКМ, Газли нефть қазиб чиқариш корхонаси ҳамда Устюрт ГКМ.

2001 йилда Шўртан ГКМ ишга туширилиши билан нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида янги бўлган — газкимё тармоғига асос солинди. Корхонада илк бор этан, пропан, бутан ва газ конденсатини ажратишни таъминлайдиган табиий газни қайта ишлашнинг криоген технологияси қўлланилди.

Мажмуада бир йилда 125 минг тоннадан ортиқ юқори ва ўрта зичликдаги полиэтилен ҳамда паст зичликдаги тўғридан-тўғри полиэтилен ишлаб чиқарилади. 2017 йилдан бошлаб корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ишлари бошланди ва бу бир йилда полиэтиленни камида 75 минг тоннага, полипропиленни — 100 минг тоннага кўпроқ ишлаб чиқаришга имкон яратади.

Ўзбекистоннинг индустриал харитасида 2016 йилда яна бир жуда йирик лойиҳа пайдо бўлди — Устюрт ГКМ Сурғил кони (Устюрт платоси) негизида Корея компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда барпо этилди. Улкан газкимё мажмуаси лойиҳага мувофиқ 4,5 млрд. куб. метр табиий газни қайта ишлаш ва қарийб 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен ишлаб чиқариш қувватига эга.

Юқорида айтиб ўтилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши сифатли товар газ ишлаб чиқаришни ошириш, газ таркибидан муҳим компонентлар ажратиб олинишини кўпайтириш, уларнинг асосида юқори рентабелли, экспортга мўлжалланган полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини ташкил қилишга имкон беради, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикасида газкимё соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг нефтгаз тармоғи келажакка дадил назар ташламоқда ва бунинг учун барча асослар мавжуд. Келгуси йилларда энг муҳим йўналишлардан бири мамлакатнинг замонавий нефткимё тармоғини яратиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини кенгайтиришдан иборат. Қўйилган мақсадларга эришиш учун компания барча имкониятларини сафарбар этиш ниятида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 сентябрдаги Қарори билан тасдиқланган 2016-2020 йилларда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш Дастури рағбат сифатида хизмат қилади. Ушбу Дастурда умумий қиймати 30,4 млрд. долларга тенг 78 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Юқорида айтилган Дастурга мувофиқ 2016 йилда Қандим газни қайта ишлаш мажмуасини қуриш ишлари бошланган. «Лукойл» компанияси билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳа нефтгаз индустрияси гигантлари қатори муносиб ўрин эгаллашга мўлжалланган.

2020 йилда бугунги кунда дунёдаги энг йирик энергетик лойиҳаларидан бири — «Шўртан ГКМ» МЧЖнинг тозаланган метани асосида синтетик-суюқ ёқилғини ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида ҳар йили 3,6 млрд. куб. метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобига «Евро-5» талабларига жавоб берадиган 1,5 млн. тонна юқори сифатли синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 743 минг тоннасини дизель ёқилғи, 311 минг тоннасини — авиакеросин, 431 минг тоннасини — нафта ва 21 минг тоннасини — суюлтирилган газ ташкил қилади.

Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан Шўртан газкимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширишнинг янги Концепцияси ишлаб чиқилган. Лойиҳа амалиётга татбиқ этилгандан сўнг полимерлар ишлаб чиқариш заводининг қуввати ҳозирги 125 минг тоннадан 500 минг тоннагача, яъни 4 баравар ортади. Нактижада нефткимё тармоғини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилади. Лойиҳа муҳим хом ашё — синтетик нафтани қайта ишлаш ҳамда полиэтилен ва полипропиленнинг янги турларини ўзлаштиришни назарда тутади.

GTL синтетик нафтани олефинлар ишлаб чиқаришга йўналтириш, сўнг эса янги турдаги полимерларни ишлаб чиқариш юзасидан қарор қабул қилинганлиги ундан энг оптимал фойдаланишни таъминлайди ва Қашқадарё вилоятида технологик кластерни яратишга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев нефтгаз соҳасидаги ислоҳотларни давом эттиришга қаратаётган жиддий эътиборини алоҳида таъкидламоқчиман. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Жиззах вилоятида замонавий нефтни қайта ишлаш заводининг тамал тошини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз Раҳбари ушбу маросимда шахсан иштирок этди. Истиқболда завод нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ноёб саноат объектларидан бирига айланади. Шундай қилиб, бугунги кунда Ўзбекистон нефтгаз саноати, глобал миқёсда намоён бўлаётган тенденцияларга амал қилган ҳолда, углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга мўлжалланган лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Тармоқдаги барқарор ўсиш суръатлари ва жаҳон бозорларига интеграциялашув жараёнлари мамлакатимиз нефгаз тармоғи ривожланишини янги сифат босқичига олиб чиқмоқда.

Сўнгги ўзгартириш: 20.06.2017 21:16