Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

«Ўзбекнефтгаз» МХК Бошқаруви Раисининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон нефти ва гази» (OGU 2012) халқаро кўргазма ташкилий қўмитасининг раиси

— Ҳурматли Шавкат Холметович, «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси ўзининг 20 йиллик юбилейини қандай натижалар билан кутиб олмоқда? Шу тўғрида сўзлаб беринг.

— Биз энг асосий вазифани — миллий иқтисодиётимизнинг энг йирик тармоқларидан бирини шакллантирган яхлит бир комплексга айланиш вазифасини амалга ошира олдик. Бухоро-Ҳива ва Сурхондарё минтақаларида, Устюртда янги конлар очилди. 2012 йилнинг 1 январига келиб, Ўзбекистонда 242 та углеводородлар кони очилди. Бу билан узоқ муддатли келажак учун ишончли хом ашё базасига асос солинди.

Тармоқ сейсмик разведкадан тортиб то қазиб чиқаришгача бўлган барча босқичларда, айниқса хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш босқичларида илғор технологияларни ўзлаштиришда жуда илгарилаб кетди. Бунда шуни таъкидлаш лозимки, кўпгина объектларда Холдинг таркибига кирувчи корхоналарда ишлаб чиқарилган ускуна ва жиҳозлар ишлатилмоқда.

Бир қатор хорижий шериклар билан самарали ва фойдали муносабатлар йўлга қўйилди. Республика ҳудудида 48 та инвестицион блок ажратиб кўрсатилган. Уларнинг 18 таси бўйича чет эл компанияларига лицензиялар берилган, 2 тасида ҳамкорликда геологик-разведка ишлари олиб борилмоқда, 8 та блокда «Ўзбекнефтгаз» МХК ишламоқда. Ҳозир биз геологик-разведка ишларини олиб бориш учун потенциал инвесторларга яна 12 та блокни таклиф қилмоқдамиз.

Нефть ва газ тармоғи ISO 9001 (сифат), ISO 14001 (экология) ва OHSAS 18001 (меҳнат хавфсизлиги) халқаро стандартлари бўйича сертификатланган корхоналар сони бўйича Ўзбекистонда етакчи тамоққа айланди. Сертификатлаш жараёнидан 63 та корхона ўтказилди. 15 та корхона OHSAS 18001 сертификатига, 10 таси эса ISO 14001 сертификатига эга.

Газ транспорти соҳасида кўп ишлар қилинди. 13 минг километрдан ортиқроқ масофага магистраль газ қувурйўллари ва 126 минг километрдан ортиқроқ узунликка эга газ тақсимлаш тармоқлари тортилди. Булар қўшни давлатларнинг газ транспорти тизимларига улунган бўлиб, табиий газ экспорти ва транзитини таъминлаб турибди. 1991 йилдан бошлаб магистраль газ қувурйўлларининг узунлиги 1,3 баравар, газ тақсимлаш тармоқлари кўлами 3 баравар ўсди. Газлаштириш даражаси 80 %дан ошди.

— Энг муҳим ўрин тутган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— 20 йил мобайнида биз минтақамизда шу вақтгача ўхшаши бўлмаган бир неча йирик объектларни қуриб битирдик. 1997 йили «Кўкдумалоқ» конида «Келлог» замонавий газ ҳайдовчи компрессор станцияси ишга туширилди. Ўша йилнинг ўзида Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида Президентимиз Ислом Каримов Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг очилишида иштирок этдилар. МДҲ ҳудудида завод олий сифатли ёқилиғини октан сонини оширувчи қўшимчаларсиз ишлаб чиқариш имконини берувчи замонавий технологиялар асосида қурилган биринчи корхона бўлди. Бу йил унинг 15 йиллиги нишонланади.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида дизель ёқилиғисини гидротозалаш қурилмалари қурилди ва каталитик реформинг қурилмасининг асбоб-ускуналари янгиланди. Бунинг натижасида корхона нефть қайта ишловининг янги замонавий поғонасига кўтарилди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда углеводород хом ашёсини қайта ишлашдаги тажриба ва имкониятлар сезиларли даражада ортди. Нефть-кимёвий ишлаб чиқариш билан қаторда газ-кимёвий ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилди. 2001 йили Марказий Осиё минтақасида энг йирик ҳисобланган Шўртон газ-кимё комплекси қуриб битирилди. Ҳозирги кунда бу мажмуа Ўзбекистондаги энг илғор корхона ҳисобланади. Унинг негизида Синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқарувчи завод қуриш лойиҳасини рўёбга чиқариш ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунга келиб, лойиҳа батафсил лойиҳалаш (FEED-2) босқичида турибди, бош пудратчини саралаш ишлари олиб борилмоқда.

Бир неча йил аввал биз улкан трансмиллий лойиҳа — «Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой» газ қувурйўлини қуриш лойиҳасига қўшилдик. 2009 йилнинг декабрь ойида тўрт давлат раҳбарлари иштирокида унинг биринчи чизиғи ишга туширилди. Икки йил ўтиб эса, 2011 йилнинг декабрида газ қувурйўлининг III «Ўзбекистон-Хитой» чизиғининг қурилиши бошлаб юборилди. Бу лойиҳа Ўзбекистон конларидан ХХР томон газ экспортини таъминлаш имконини беради.

Компания нефть ва газга бой минтақаларнинг геологик потенциалини ўрганиш ишларини стратегик аҳамиятга молик деб билади. Масалан, Орол денгизи акваториясининг Ўзбекистонга тегишли қисмини ўрганиш бўйича йирик лойиҳа бошлаб юборилди. Бу ҳудудда Ғарбий Орол газ конденсати кони топилди. Инвесторлар консорциуми излов бурғилашини давом эттириш ниятида бўлиб, бу лойиҳадан ижобий натижалар кутмоқдамиз.

«ЛУКОЙЛ» ОАЖ билан ҳамкорликда Қандим конлар гуруҳидан газ қазиб олишни тезлаштириш ва Қандим газни қайта ишлаш заводини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Биргаликдаги ҳамкорлик кўламини ҳисобга олиб, бизнинг компанияларимиз углеводородларни разведка қилиш ва қазиб чиқариш бўйича илғор технологияларни жалб қилишда катта истиқбол борлигига ишонч билдирмоқдлар. Бу тенденция Холдинг фаолиятининг барча йўналишларида кўзга ташланиб турибди.

Атроф муҳитни асраш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда, бу эса экологияга содиқ саноатни ривожлантиришни талаб этади. Киото протоколининг Соф ривожланиш механизми доирасидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга келиб, «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан газ тақсимлаш тармоқлари ва компрессор станциялари ишининг самарадорлигини табиий газ йўқолишини қисқартириш ҳисобига оширишга қаратилган 6 та лойиҳа рўйхатдан ўтказилди.

Компаниянинг бизнес имижини яратиш ва нуфузини ошириш устида иш олиб борган йилларимизнинг муҳим натижаларидан бири ўлароқ, Халқаро газ иттифоқи Ўзбекистонни ўзининг ҳақиқий аъзоси деб тан олди. Айнан «Ўзбекнефтгаз» МХК ушбу нуфузи баланд ташкилотда мамлакатимиз номидан вакиллик қилади.

— Кўргазманинг Компания фаолиятидаги аҳамияти ҳақидаги ўз фикрингизни ҳамда форум иштирокчиларига тилакларингизни билдирсангиз.

— OGUнинг нефть ва газ тармоғи ривожидаги ўрни катта. Ўтган йили биз ушбу лойиҳанинг 15 йиллигини нишонладик. 1996 йили кўргазма энди-энди ўзининг илк қадамларини қўя бошлаган эди. Ўшанда ташкилотчилар ва иштирокчилар бу лойиҳа профессионал ривожланиш учун зарур эканлигини, янгиликлар ва фикрлар алмашинуви учун, шерик ва ҳамкорлар излаб топиш учун ягона майдонча керак эканлигини англаб етдилар.

Агар махсус «OGU-Daily» бюллетенининг бир неча йил давомида тўпланган йиғма жилдини варқлаб чиқиб, «Халқаро алоқаларни кенгайтиришда кўргазма қандай роль ўйнади?», деган анъанавий саволга берилган жавобга кўз ташласангиз, OGU доирасида орттирилган шериклар рўйхатида доимо янги компаниялар пайдо бўлиб борганлигини кўрасиз. Йил сайин «Ўзбекистон нефть ва гази» халқаро кўргазмаси ўз позицияларини мустаҳкамлаб, имкониятларини кенгайтириб борди.

Лойиҳани уюштириш осон иш эмас. Кўргазмани очишдан олдин узоқ вақт тайёргарлик кўрилади. Ташкилий ишларнинг улкан ҳажмини ITE компанияси бажаради. Ташкилий қўмитадаги «Ўзбекнефтгаз» МХК вакиллари ҳам ўзларининг салмоқли ҳиссалари қўшадилар.

Бевосита тадбирнинг ўзи атиги уч кун давом этсада, фикримча, бу вақт йил давомидаги энг унумли ва фойдали даврлардан биридир. Кўргазма доирасида янги лойиҳалар туғилади. Шулардан бири Сиёсий тадқиқотлар маркази билан бирга ўтказиладиган анъанавий давра суҳбатидир. Унда доимо глобал ёқилғи-энергетика бозори учун аҳамиятли бўлган долзарб мавзулар муҳокама қилинади. Кўргазма ва унинг доирасида ўтказиладиган ихтисослашган форумлар, музокаралар ва ҳатто кулуарлардаги баҳс-мунозаралар, уларнинг барча-барчаси мазмунга бой тарзда, кўтарингки руҳда ўтади.

2012 йилда OGU билан бир вақтнинг ўзида бир варакайига 8 та кўргазмани ўзида жамлаган Марказий Осиё саноат ҳафталиги ҳам ўз ишини бошлади. Шунча экспозицион майдончаларни бирлаштиришда бу биринчи таржиба, аммо, умид қиламанки, бундай бирлашиш иккала лойиҳа учун жуда фойдали бўлиб, OGU павильонларига ҳам, Industrialweek павильонларига ҳам қўшимча мутахассисларни жалб қилади.

Ушбу форумлар иштирокчилари ва ташкилотчиларига, «Ўзэкспомарказ» меҳмонларига бу ерда ўз вақтларини фаолиятлари ва профессионал ўсишлар учун фойдали ва самарали тарзда ўтказишларини тилайман. Барча шерик ва дўстларимизга Ўзбекистон нефть ва газ тармоғи учун муҳим бўлган воқеага — «Ўзбекнефтгаз» МХКнинг 20 йиллигига кўрсатган эътиборлари учун ташаккур билдираман. Ушбу муборак сана билан барча ҳамкасбларимни қутлайман!

Сўнгги ўзгартириш: 23.06.2015 20:44

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech