Юбилей санага бағишланади

Печать

2018 йил 22-27 январь кунлари Урганч, Нукус ва Фарғона шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80-йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар уюштирилди. Ушбу тантаналар давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ «Ўзбекнефтгаз» Акциядорлик жамияти, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди, Хоразм ва Фарғона вилоят ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жокарги Кенеси ва Вазирлар Кенгаши билан биргаликда ташкил этилди.

 

Юбилей тантаналарнинг очилиш маросимларида Хоразм вилояти ҳокими Илгизар Матёқубович Собиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Раҳматуллаевич Сариев, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Мадаминович Ғаниев сўзга чиқдилар. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондининг Васийлик Кенгаши аъзоси Татьяна Акбаровна Каримова мамлакатимиз раҳбарияти томонидан мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштиришга берилаётган эътиборни юксак баҳолади.

 

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг рафиқаси тинч, фаровон ва обод ҳаёт, болаларнинг баҳтли бугунги куни ва ёрқин келажаги мустақил давлат асосчисининг номи билан бевосита боғлиқ бўлган ушбу минтақаларда ана шундай самимий ва илиқ учрашувлар уюштирилганлиги учун йиғилганларга миннатдорчилик билдирди. Тадбирларда сўз олган оқсоқоллар, ёш авлод вакиллари айнан шулар ҳақида баён қилдилар. Ислом Абдуғаниевич Каримов билан мулоқот юритиш ва ишлашга муяссар бўлганлар ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги Сайёра Шарафовна Рашидова Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан фуқаролик жамиятининг модели шакллантирилганлиги тўғрисида сўзлаб берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бўлиб иш олиб бораётганда Сайёра Шарафовна Президент Ислом Каримов томонидан белгиланган ва энг аввало инсон манфаатларига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат барпо этиш борасидаги ғояларини ҳаётга татбиқ қилган. Фан ва маданият арбоблари, нефт-газ соҳасининг фахрийлари ва мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари мамлакатимиз мустақилликка эришиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўз ўлини танлаганида Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг тарихий ролига алоҳида урғу бердилар.  Хусусан, маърузачилар мустақиллик йилларида чуқур таркибий ислоҳотлар амалга оширилган юртимизнинг база тармоғи – нефт-газ соҳасида эришилган муваффақиятларга катта эътибор қаратдилар. Мамлакатимиз хом ашё ресурсларини қайта ишлаш чуқурлигини босқичма-босқич ошириш орқали ички имкониятлардан фойдаланишнинг истиқболли ва самарали йўли юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ҳажмлари ва турларини кўпайтиришга хизмат қилганлиги эътироф этилди. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан ўтказилган кенг қамровли инфратузилмавий ислоҳотлар янги корхоналар қуриш ва бутун иқтисодиётни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга имкон берди, минерал-хом ашё ресурсларга бой бўлган минтақаларни ўзлаштириш имкониятларини очди, бу эса ўз навбатида аҳоли бандлиги даражасини жиддий оширди ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилди. 

Тадбирда буюк давлат ва сиёсат арбобининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Уюштирилган фотоэкспозиция эса Ислом Каримовнинг юртимиз шимолий минтақалари ва Фарғона вилоятини ривожлантиришга қўшган юксак ҳиссаси тўғрисида баён қилди. Тадбирлар якунида қатнашчилар учун ёзилган дастурхонларга хотира палови узатилди.

Сўнгги ўзгартириш: 31.01.2018 14:29