Ўзбекистон Республикаси Президентига «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конини янада разведка қилиш ва ўзлаштириш ҳамда ГКМ қуриш лойиҳаси тақдим этилди

Печать

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бориши ва аввал белгиланган вазифалар ижро этилиши билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. 

Сурхон замини ўзининг улкан иқтисодий ва транспорт салоҳияти, географик жойлашуви туфайли юртимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Вилоятнинг ерости ва ер юзидаги ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича кўрилаётган чоралар саноат салоҳиятини ва нафақат ички истеъмолчилар, балки экспорт учун ҳам тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада оширишга хизмат қилади.    

Ташриф давомида давлатимиз Раҳбари Термиздаги “Амударё” болалар соғломлаштириш лагери билан танишди. Шу ернинг ўзида Сурхондарё вилоятининг ёқилғи-энергетика комплекси лойиҳалари, шу жумладан “Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятида “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” газ конини янада разведка қилиш ва ўзлаштириш ҳамда унинг негизида газ-кимё мажмуасини барпо этиш” лойиҳасинининг тақдимоти бўлиб ўтди.  

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилишини таъкидлаш лозим. Биринчи босқич “Мустакилликнинг 25 йиллиги” конини янада разведка қилишдан иборат. Ушбу босқичда қудуқларни қуриш ва капитал таъмирлаш, хом ашё газини қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш заводини қуриш ишлари амалга оширилади.    

Иккинчи босқичда завод қувватларини кенгайтириш ва полимер маҳсулот ишлаб чиқарадиган газкимё комплексини қуриш кўзда тутилган.

Лойиҳа халқаро лойиҳавий молиялаштириш тамойилларидан келиб чиққан ҳолда йирик халқаро молия институтлари ва экспорт-кредит агентликларни жалб қилиш йўли билан молиялаштирилади.    

Газ-кимё тармоғини ривожлантиришдан олинадиган синергетик самара тиббиёт, фармацевтика, қурилиш, автомобилсозлик каби соҳаларни янада юксалтириш, нефт-кимё хом ашёсидан маҳсулот ишлаб чиқарувчи хусусий тадбиркорликни шакллантириш учун мустаҳкам замин яратиш, трансмиллий автомобиль ва темир йўллари транспорт йўлкаларини ўзига киритадиган логистика тармоғини ташкил қилишга ёрдам беради. 

Бугунги кунда баҳоловчи қудуқни бурғилаш, экологик аудитни амалга ошириш, лойиҳа бўйича илғор жаҳон тажрибасига мувофиқ геологик-техник ечимларни топиш, қудуқларни қуриш жараёнини кузатиб бориш ва техник назорат қилиш ишлари бажарилмоқда.

Сўнгги ўзгартириш: 25.01.2018 09:56