“Ўзбекнефтегаз” АЖ ташкилотлари фарзандлари “Ёш авлоднинг энергия ресурсларини тежашга бўлган муносабати” номли танлов – кўргазмаси

Печать

2018 йилнинг 23 январь куни соат 17.00 да Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб–қувватлаш йили”га бағишланган “Ўзбекнефтегаз” акционерлик жамияти ташкилотлари фарзандларива ихтисослаштирилганўқув муассасалари ўқувчиларининг “Ёш авлоднинг энергия ресурсларини тежашга бўлган муносабати” номли танлов – кўргазмаси бўлиб ўтди.

“Ўзбекнефтегаз” акционерлик жамияти – Ўзбекистондаги энг йирик давлат ташкилотларидан бири бўлиб, 1992 йил ташкил топган. Компания табиий газни қазиб олиш бўйича дунёда 11 – ўринда туради.

Танлов-кўргазмада “Ўзбекнефтегаз” АЖга қарашли республикадаги 17та ташкилот ходимлари фарзандларининг 250га яқин расмлари иштирок этди.

Танлов–кўргазмада қатнашган ишларнинг мавзуси – энергия ресурсларини тежашда фарзандларнинг муносабатларидир.

Танлов мақсади – болаларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятини қўллаб – қувватлаш, уларнинг маънавий дунёси ва тасаввурини ривожлантириш, ёш авлодни табиатни асраш, энергия ресурсларини тежашга ўргатиш, янги технологияларни қўллашда салоҳиятини ошириб бориш кабилардир.

Танлов-кўргазмада қатнашган 4 ёшдан 20 ёшгача бўлган болаларнинг ишлари уч гуруҳда баҳоланди: 4 ёшдан 8 ёшгача;9 ёшдан 14 ёшгача;15 ёшдан 20 ёшгача.

Танлов–кўргазмада энг кўп яъни 60та ишлари билан қатнашган “Нефтегазинвест” масъулияти чекланган жамият ходимлари фарзандлари бўлди. Шунингдек, “Ўзбургунефтгаз” дан 46та, “Ўзлитинефтгаз”дан 37та, “Ўзтрансгаз”дан 36та, “Чирчиқ”дан 15та расмлари билан ходимларининг фарзандлари иштирок этишди. Жами 17та ташкилотдан иштирок этган танлов – кўргазма қатнашчиларининг ишларини баҳолаш ва фахрли ўринларни танлаш осон бўлмади.

Танлов–кўргазма ҳайъат аъзолари республикамизнинг таниқли рассомларидан ташкил топди. Жумладан, ҳайъат раиси “Нефтегазинвест” директори ўринбосари А. Убайдуллаев, аъзолар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби А. Алиқулов, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Халқаро дизайнерлар уюшмси аъзоси, лойиҳа куратори Ю. Тўйчиева, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси М. Фозилий ва Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи директори Ф. Усмоновлар қатнашчиларнинг расм чизишга бўлган қобилиятига қараб баҳолашди.

Демак, танлов натижаларига кўра, 4 ёшдан 8 ёшгача бўлган қатнашчилардан: 1- ўрин – Моҳидова Музайяна (4 ёш), 2 – ўрин – Ғуломов Умаржон (5 ёш), 3 - ўрин - Азимова М. (8 ёш).

9 ёшдан 14 ёшгача бўлган қатнашчилардан: 1 – ўрин – Толибжонов Исмоил (9 ёш), 2 – ўрин – Баҳодирова Моҳларой (12 ёш), 3 – ўрин – Тюришев Тимур (12 ёш).

15 ёшдан 20 ёшгача бўлган қатнашчилардан: 1- ўрин – Сайдуллаева Дилором (19 ёш), 2 – ўрин – Ахмеджанова Гавҳар (19 ёш), 3 – ўрин – Анваржонова Сарвара (15 ёш).

Танлов-кўргазма  шу йилнинг 31 январигача давом этади.

Сўнгги ўзгартириш: 31.01.2018 14:21