Долзарб мавзуга суҳбат

Печать

Ўзбекистонда 2017 йил 28 ноябрдан бошлаб ўтказилаётган «Газ ускуналари ва иситиш жиҳозларидан ҳавфсиз фойдаланиш ойлиги» доирасида Тошкентда «Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш» мавзусида республика семинари ташкил этилди.

Тадбир «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан биргаликда ташкил этилди. Семинарда тармоқ мутахассислари, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идора ва ташкилотларнинг 300дан ортиқ вакиллари долзарб мавзуга мунозара юритдилар. Форумнинг мақсади — бахтсиз ҳодисалар ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини жойларда кенг тарғиб этишдан иборат. Маълумки, қиш мавсумида табиий газга бўлган талаб ортади, шунга мувофиқ "зангори ёқилғи"дан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш масалаларига бўлган эътибор ҳам ошади. Тадбир давомида ушбу соҳада амалда бўлган меъёр ва қоидалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Хусусан, баллонли суюлтирилган газдан турмушда фойдаланиш ҳақида сўз юритилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу соҳада истеъмолчиларни суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар билан кафолатли таъминлаш инфратузилмаси ва тизимини яратиш кўзда тутилган давлат дастури амалга оширилмоқда.

Куз-қиш даврида бу турдаги хизматларга талаб ортиб бориши сари, аҳолини амалдаги хавфсизлик меъёрлари тўғрисида кенг хабардор қилиш эҳтиёжи ҳам ошиб боради. Хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик портлаш, ёнғин, фавқулодда вазиятлар юзага келиши каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шунингдек тадбирда ис гази ҳосил бўлишига йўл қўймаслик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, ис гази пайдо бўлишининг асосий сабаби — носоз иситиш жиҳозларидир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ис гази билан заҳарланганликнинг биринчи аломатлари сезилганда зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш механизмлари кўриб чиқилди.

Семинар дастури газ ускуналари ва иситиш жиҳозларидан фойдаланиш қоидалари ва хавфсизлик меъёрларига риоя қилмаслик қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яққол намойиш қиладиган видеофильмларни ҳам ўзига киритган. Оммавий ахборот воситалари вакиллари уларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар. Долзарб мавзулар муҳокама қилинадиган шу каби учрашувларни мунтазам равишда ҳар бир минтақада ўтказиш юзасидан келишиб олинди.

Сўнгги ўзгартириш: 29.11.2017 16:41