Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

Газни компримирлаш ва транспортировка қилишнинг замонавий технологиялари муҳокама қилинди

2017 йил 30 июнь куни Тошкентда «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан ташкил қилинган «Газни компримирлаш ва транспортировка қилишнинг замонавий технологиялари» мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир мутахассислар тажриба алмашиши ҳамда нефтгаз тармоғидаги янги ютуқлар ва ишланмаларга оид билимларни янгилаш ва бойитиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва «General Electric» Компанияси ўртасида имзоланган Меморандум доирасида ташкил қилинди.

Анжуманда нефтгаз индустрияси мутахассислари, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиали ўқитувчилари ва талабалари ҳамда шериклар — етакчи компаниялар вакиллари иштирок этдилар.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар Стратегиясида замонавий технологиялар ва инвестиция механизмларини қўллаган ҳолда, тармоқ дастурларини амалга ошириш назарда тутилган.

Ўзбекистон МДҲ бозорида табиий газ ва газни қайта ишлаш маҳсулотларини асосий етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. «Ўзбекнефтгаз» МХК нефть маҳсулотларини қазиб чиқариш географиясини кенгайтириш билан бир қаторда, ўзининг техник ресурсларини фаоллик билан модернизацияламоқда. Юртимизда табиий газни қазиб чиқариш ва транспортировка қилиш ҳажмларини ошириш миллий иқтисодиётнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Замонавий технологиялар ва инновацион ечимлар қўлланилиши ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштиришга имкон беряпти, бу эса нефтгаз тармоғини ривожлантиришнинг муҳим устуворлиги ҳисобланади. Айни пайтда объектларни янада жадал ишга тушириш учун газни тортиб узатиш ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган халқаро компанияларнинг илғор тажрибасини жорий қилишга алоҳида урғу берилмоқда.

«Тармоқ томонидан ва тармоқ учун» ташкил қилинган илмий-амалий конференция нефть ва газ ресурсларини резведка қилиш; қудуқларни бурғилаш ва уларнинг унумдорлигини ошириш; газ қазиб чиқариш ва транспортировка қилиш ҳажмларини кўпайтириш; нефтгаз ва газ конденсати конларини ўзлаштиришга тайёрлашга комплекс ёндашиш; нефть ва газ қазиб чиқаришни ошириш усуллари соҳасидаги янгиликлар ва илғор технологиялар билан танишиш учун муҳим майдонга айланди.

Қатнашчиларга инвестицион лойиҳалар амалга оширилишининг бориши, газ-транспорт тизимини модернизациялаш ва ривожлантириш борасидаги фаолият, унинг жорий ҳолати ва ҳал этилиши зарур бўлган долзарб масалалар юзасидан атрофлича маълумотлар таклиф этилди.

Анжуман иштирокчилари «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ, «General Electric» Америка корпорацияси ва «РЭП Холдинг» Россия компанияси каби хорижий шерикларнинг оптимал технологик ечимларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Мазкур тадбир нефтгаз секторининг муҳим илмий-техник форумига айланди ҳамда янги ғоя ва лойиҳаларни муҳокама қилиш учун қулай имкон яратди.

Сўнгги ўзгартириш: 04.07.2017 18:12

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech