Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

Ёзги таътил ажойиб ўтмоқда!

... Шундай қилиб, «Ўзбекнефтгаз» МХКда 2017 йил ёзги таътиллар мавсуми очилди!

«Ўзбекнефтгаз» МХК ходимларининг фарзандлари сабрсизлик билан кутилган ёзги таътилни сермазмун ўтказиш учун болалар соғломлаштириш масканларига йўл олдилар. 
Фусункор тоғлар. Тоза ҳаво ва тиниқ сув. Саломатликни мустаҳкамлаш ва мириқиб дам олиш учун барча шароитлар муҳайё. Шу билан бирга Ўзбекнефтгаз ходимларининг болалари бу ерда бир-бири билан дўстлашиш, янги кўникмалар орттириш, чеварлик, рассомчилик ва қатор бошқа ҳунарларга ўрганиш, турли танловлар ва спорт мусобақаларида қатнашиш, бассейнда чўмилиш, дискотекада рақс тушиш, юлдузли очиқ осмон остида қизиқарли кинофильмларни томоша қилиш имкониятига эга бўладилар!
Болаларнинг ёзги дам олишини ташкил қилиш вазифаси кўп йиллар давомида касаба уюшмаси фаолиятининг муҳим қисми бўлиб қолмоқда. Ташкилотчилар болалар учун ажойиб ва қулай шароитларни яратишга ҳаракат қилмоқдалар. Шу боис дам олиш масканларида ўғил-қизларимиз мириқиб дам олишяпти ва бу жуда қувонарли, албатта.

Демак, бизнинг фото-репортажимиз Тошкент вилоятидаги болалар соғломлаштириш масканларида «Биринчи босқич» қандай кечаётганлигига бағишланади.

Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Каранкўл қишлоғида жойлашган, «Ўзбекнефтгаз» корхоналари ходимларининг болалари дам олаётган «Зангори олов» маскани нафақат Тошкент вилоятида, балки Республика миқёсида энг яхши соғломлаштириш масканларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ёзги дам олиш учун 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади. Болалар «Зангори олов» соғломлаштириш масканида бажонидил дам оладилар. Биринчи босқичнинг 12 та гуруҳига 360 нафар болалар қабул қилинди. Кўркам биноларнинг шинам хоналарида дам олиш учун энг қулай шароитлар яратилган. Болалар бир кунда беш марта овқатланади ва шу боис бу ерда фақат табиий, энг сифатли ва янги озуқалардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Ўсиб келаётган ёш авлод таътилни мазмунли ўтказиши ва ривожланиши учун масканда «Арт-студия», «Моҳир қўллар», инглиз тили дарслари, «Юлдузча» рақс студияси каби тўртта тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек бу ерда ажойиб кутубхона ва, албатта, компьютер ўйинлари зали ҳам болалар ихтиёрида. Ўғил-қизларга профессионал педагоглар, психологлар сабоқ беради. Маскан бошлиғи Сакаева Эльмира Усмановна — Халқ таълими аълочиси. Болалар гуруҳларининг сардорлари И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Архитектура ва Педагогика Университетлари каби Тошкент шаҳрининг олий ўқув юртлари талабаларидан иборат. Деярли ҳар куни болаларнинг олдига мусиқа жамоалари, Қўғирчоқлар театри меҳмонга келадилар. Ҳатто ёзувчи Муҳтор Худойқулов ҳам масканга ташриф буюриб, болаларни ўз ижоди билан яқиндан таништирди. 

 

Куни-кеча эса «Олимп маъбудлари» Спартакиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мактаб ўқувчилари уч кун давомида енгил атлетика, футбол, сузиш, бадминтон, спорт рақслари, шахмат ва шашка бўйича мусобақаларда қатнашдилар. Маскан ўйингоҳи ҳам жуда кўркам кўринишга эга: ёрқин яшил рангли сунъий ўт қопламаси, ҳақиқий голкипер дарвозалари, белгилари классик шаклдаги майдон, томошабинлар учун қулай ўриндиқлар мавжуд. 

«Чотқол» Болалар соғломлаштириш маскани (БСМ) 

«Чотқол» Болалар соғломлаштириш маскани Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Юсуфхона қишлоғида, мафтункор Тянь-Шань тоғ тизмалари бўйлаб ўтадиган Чотқол дарёси бўйида жойлашган. Хушманзара тоғ табиати жуда ажойиб. Юқоридан улкан Чорвоқ сув омбори яққол кўзга ташланади. Ўғил-қизларимизнинг ёзги дам олиши ана шундай кўркам гўшаларда ўтмоқда! Ушбу маскан бошлиғи Саханова Гульяра Зиннатовнанинг таъкидлашича, маскан майдони шу қадар каттаки, уни айланиб ўтишга ҳар куни икки соат вақт сарфланар экан! «Чотқол» БСМ жорий йили 15 та гуруҳга 528 нафар болаларни қабул қилди. Кичик ёшдагилар гуруҳи лагернинг қуйи қисмида, каттароқ болалар эса — тепароқ ўрин эгаллаган кубрикларда жойлашдилар. Масканда болалар беш марта овқатланадилар. Барча таомлар жуда мазали!

Энди эса болаларнинг бўш вақти қандай ўтишига назар ташлаймиз. Бу ерда куни-кеча ўтказилган анъанавий «Гулхан» ҳануз кўз олдида гавдаланиб турган бўлсада, бўлажак Спартакиадага ҳам болаларнинг қизиқиши катта. Тарбиячилар, Сардорлар ва Мактаб ўқувчиларидан иборат учта жамоа ўртасида «Қувноқ стартлар» мусобақалари ўтказилиб, Мактаб ўқувчилари ғолиб чиқди. Яшанг, азаматлар! Болалар стол тенниси, арғамчи билан сакраш, 30 ва 60 метр масофага эстафета, сузиш, шахмат-шашка ва спорт рақслари бўйича куч синашдилар. Ғолиблар эсдалик дипломлари билан тақдирланди. Гуруҳлар сардорларининг аксарияти болалигида "Чотқол«да дам олган бўлиб, эндиликда барча ўғил-қизларга ўз ғайратини улашиб, маскандаги тадбирларда бажонидил иштирок этмоқдалар. Мана ҳозир ҳам улар қизиқарли тадбир ўйлаб топдилар: гуруҳлар орасида «Оммабоп мусиқий клипларга пародия, яъни ўхшатма яратиш» ҳамда асфальтга расм чизиш бўйича танловлар ўтказиш. Тадбирларни муваффақиятли ўтказишга қизғин тайёргарлик кетмоқда! Бу жараёнда ҳеч ким зерикиб, четда қолиб кетмайди!

Ижод уйида ҳам барча фойдали ишлар билан банд. Катта ва ёриқ хонада қизлар бисердан ажойиб буюмларни ва қоғоздан жуда чиройли гулларни ясамоқдалар. «Маънавият ва Маърифат» хонасида болалар қизиқарли ахборот эшитадилар, китоб мутолаа қиладилар, пианино чалишни ўрганадилар. Саҳнага чиқишга тайёргарлик кўриляпти, либослар мослаштириляпти. Хуллас, Ижод уйида чинакам яратувчанлик руҳи кезиб юрибди. 

«Хумо» Болалар соғломлаштириш маскани (БСМ) 

Ушбу маскан Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Хондайлик қишлоғидаги Оқ-тош ҳудудида жойлашган. Бу хушманзара гўшага биринчи босқичда бутун Республикамиздан 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 389 нафар болалар қабул қилинди. Байрам «Гулханига» пойтахт Қўғирчоқлар театри репертуаридан «Мадагаскарлик пингвинлар» ташриф буюришди. Болаларнинг «Алло, биз иқтидорли инсонларни излаяпмиз» доирасидаги кўргазмали чиқишлари турли танловлар, спектакллар иштирокчиларини аниқлаб берди. Демак, масканда фаол, ижодий ёндашиб дам олиш жараёни таъминланмоқда! Ва, албатта, Спартакиада ҳақида ҳам бироз тўхталамиз. Ёз мавсумида, тоза ҳавода, кўркам табиат қучоғида спортни эсдан чиқариб бўладими? «Алпомиш ва Барчиной» мусобақалари стол тенниси, «Қувноқ стартлар» эстафетаси, комик футбол, сузиш, аэробика ва спорт рақслари, жонли пирамидалар қуриш, «Байроқлар паради» орқали ёш авлодни янада чиниқтириш ва ҳар томонлама ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади. Қувноқ ёз мавсумида «Хумо» масканида қуйидаги тадбирларни ўтказиш режалаштирилган: Қувноқлар ва зукколар клуби, севимли ўйинлар, доимо «Нептун куни», оммабоп мода кунлари, «Хумо» масканининг биринчи "леди"си — Мисс "Хумо"ни ва, албатта Мистер "Хумо«ни, шунингдек энг яхши Сардорни танлаш бўйича ҳам қатор танловлар ўтказилади. Жюри ҳайъати эса холис ва талабчан болалардан иборат бўлади. 

Маскан раҳбари, «Нефтгазмаш» АЖ касаба уюшмаси қўмитасининг инструктори Шорахимова Нафиса Исановна ажойиб жамоаси билан биргаликда болалар учун аъло даражадаги дастур тайёрладилар! Асосий вазифа — болаларни соғломлаштириш ва тарбиялашдан иборат. Уни тажрибали болалар устозлари амалга оширмоқдалар. Беш маҳал овқатланиш, сузиш бассейни, тўгараклар самарали ишлаши учун тегишли шароитлар — хуллас, бу ерда бола саломатлигини мустаҳкамлаш, унинг гўзаллик ва уйғунлик ҳиссини ривожлантириш учун барчаси муҳайё бўлиб, бу дўстона муносабатларни, мулоқот юритиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади, бу эса болалар учун муҳим аҳамиятга эга. 


Ёзги таътиллар қизғин давом этмоқда! Мароқли дам олинглар!

Сўнгги ўзгартириш: 29.06.2017 19:16

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech