Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

«Ўзбекнефтгаз» МХК: Янги давр стратегияси

2017 йил 14 июнда бўлиб ўтган Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги йиғилиши «Ўзбекнефтгаз» МХКнинг 25-йиллигига бағишланди.

Холдинг компанияси раҳбарияти томонидан тармоқ олдига қўйилган асосий вазифалар, стратегик жиҳатдан муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан кўрилаётган чораларга оид ахборот тақдим этилди.   

Йиғилиш давомида матбуот вакиллари ва тадбир иштирокчилари «Ўзбекнефтгаз» компанияси раҳбарлари билан тармоқ фаолиятининг жорий ҳолати ва ривожланиб бораётган жаҳон нефть ва газ бозорининг фаол қатнашчиси сифатида компания белгилаган стратегиясига доир манфаатли масалалар бўйича мазмунли мулоқот ўтказдилар.   

Муҳокамалар чоғида табиий газдан тежамли ва оқилона фойдаланиш, истеъмолчиларнинг тўлов интизомини ошириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда энергияни иқтисод қилувчи янги технологияларни жорий қилишнинг аҳамияти таъкидлаб ўтилди.  

Алоҳида минтақаларни газ билан таъминлаш масаласига айниқса катта эътибор қаратилди. «Ўзбекнефтгаз» МХК олдида турган биринчи навбатдаги вазифа - аҳолини газ билан таъминлаш. Газ таъминоти муаммоларининг асосий сабаби газ қувурлари тармоғига уланишда ўнлаб йиллар давомида лойиҳалаштириш меъёрлари бузиб келинганлигидан иборатлиги эътироф этилди. Шунингдек газ қувури тармоғига уланиш имконига эга бўлмаган аҳолини газ баллонлари ва суюлтирилган газ билан таъминлаш юзасидан қўлланилаётган чоралар ҳақидаги маълумот берилди.

ТАПИ газ қувурини қуриш лойиҳасига қўшилиш истиқболлари ва имкониятлари тўғрисидаги саволга «Ўзбекнефтгаз» МХК Бошқаруви Раиси қуйидагича жавоб берди: «Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркманистонга қилган ташрифи чоғида кўтарилган эди. Туркманистон тарафидан бизга ТАПИ лойиҳасида иштирок этиш таклиф қилинди. Ўз навбатида Ўзбекистон Президенти компанияга ушбу масалани батафсил ўрганиб чиқишни топширди. Лекин, алоҳида таъкидламоқчиман: ҳозирги вақтда Ўзбекистон ТАПИ лойиҳасига қўшилиши ёки биз унда иштирок этишимиз юзасидан расмий баёнот мавжуд эмас. Бу Марказий Осиё газини Покистон ва Ҳиндистонга етказиб беришга қаратилган бутунлай иқтисодий лойиҳадир. Бундан барча томонлар манфаатдор, бироқ мазкур лойиҳанинг оператори томонидан ҳал этилиши лозим бўлган айрим минтақавий масалалар ҳам бор».

Шу билан бирга, журналистларнинг табиий газни Хитой ва Европа мамлакатларига етказиб беришга доир ва қатор бошқа долзарб саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Сўнгги ўзгартириш: 16.06.2017 16:32

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech