Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

Кадрларни тайёрлаш – мамлакат тараққиёти ва ривожининг пойдеворидир

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (миллий тадқиқот университети) Тошкент шаҳридаги филиалида ушбу олий ўқув юрти Илмий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қоидаларини чуқур ўрганиш ва таълим жараёнига жорий қилишга бағишланди.  

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда олий таълим тизимини модернизациялаш ва ислоҳ қилиш, унга иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари талаблари асосида мутахассисларга таълим беришнинг замонавий шакллари ва технологияларини жорий қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.  

Ушбу олий таълим даргоҳининг барча тоифадаги маъмурияти, профессор ва ўқитувчилар таркиби вакиллари қатнашган тадбир давомида қабул қилинган қарор олий таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилганлиги эътироф этилди. Қарорда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига мувофиқ кадрларни тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, олий маълумотли мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш учун зарурий шарт-шароитларни таъминлаш кўзда тутилган.

– Бугунги кунда Ўзбекистоннинг нефтгаз тармоғи жадал суръатларда ривожланиб бораётган йўналишдир – деб таъкидлади И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг(миллий тадқиқот университети) Тошкент шаҳридаги филиали директори ўринбосари – ижрочи директори Абдулла Магрупов. – Шу боис чуқур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга бўлган, энг мураккаб ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал эта оладиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш сифатини ошириш эҳтиёжи ортиб бормоқда.

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг(миллий тадқиқот университети)Тошкент шаҳридаги филиали олдида ўқув жараёни самарадорлигини ошириш, унга илғор педагогик технологияларни кенг жорий қилиш бўйича катта вазифалар турибди. Соҳанинг етакчи хорижий илмий-маърифий муассасалари ва олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, ўқитувчилик фаолиятига соҳанинг етакчи хорижий мутахассислари ва олимларини жалб қилиш ушбу вазифаларни самарали ҳал қилишга ёрдам беради.

Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг(миллий тадқиқот университети) Минтақавий тайёрлаш бўлимини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек янги йўналишлар ва мутахассисликларни лицензиялашга тайёрлаш тадбирлари ўтказилади. Бу ўз навбатида тармоқнинг янгидан ишга туширилаётган ва энг замонавий технологиялар асосида фаолият юритаётган корхоналари учун малакали мутахассисларни тайёрлашга имкон беради.

Айни пайтда, ўқув режалари ва дастурларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, профессор ва ўқитувчилар таркиби малака ошириш ва тажриба орттириш жараёнидан ўтиши, янги ўқув қўлланмалари, ўқув-методик ва илмий адабиётларни харид қилиш масалаларида ҳам катта ишлар амалга оширилади.  

Шу билан бирга, олий инсоний фазилатлар, мустаҳкам ҳаётий нуқтаи назар, юксак маънавиятга эга бўлган ўз Ватанининг ҳақиқий ватанпарварларини тарбиялаш ҳам жуда муҳим вазифа ҳисобланади. 

Бугунги кунда И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (миллий тадқиқот университети) Тошкент шаҳридаги филиали Ўзбекистоннинг нефтгаз тармоғи учун мутахассисларни тайёрлайдиган етакчи олий ўқув юрти ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Ҳозирги вақтда “Ўзбекнефтгаз” МХК корхоналарида унинг 740 нафардан ортиқ битирувчилари самарали меҳнат қилмоқда. Улар нефть ва газ конларини хом ашё қазиб чиқаришга тайёрлаш, қудуқларни бурғилаш ишларига жалб қилинган, ускуналардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш, холдинг объектлари ва корхоналарининг иқтисодиёти ва бошқаруви билан шуғулланишмоқда.

Олий ўқув юртида мустаҳкам моддий-техника базаси яратилган – талабалар ихтиёрида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, лабораториялар, компьютер заллари, ахборот-ресурс маркази мавжуд. Талабаларга юқори профессионал, маҳоратли профессор ва ўқитувчилар жамоаси билим улашмоқда. Мавжуд шароитлар ўқув жараёнининг самарадорлиги ва мутахассисларни тайёрлаш сифатини янада ошириш учун яхши пойдевордир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, юртимизнинг тобора ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, республика тармоқлари ва ҳудудларини стратегик комплекс ривожлантириш вазифаларини самарали ҳал қилишда олий таълим ҳиссасини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. 

Сўнгги ўзгартириш: 15.05.2017 19:32

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech