Ҳамкорликнинг янги босқичи

Печать

Жорий йилнинг 29 март куни ПАО «Газпром» Бошқаруви Раиси Алексей Миллернинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомида томонлар икки мамлакатнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигига юқори баҳо бердилар. Тошкентда Алексей Миллернинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Орипов билан амалий учрашуви бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида «Газпром» ва «Ўзбекнефтгаз» МХК биргаликда Ўзбекистон ҳудудида, хусусан, Шахпати конида газни разведка қилиш ва қазиб чиқариш йўналишида муваффақиятли иш олиб бораётганлари таъкидлаб ўтилди. Бу борада мамлакат ҳудудида геологик қидирув ишларини олиб боришга доир қўшма дастур ишлаб чиқиш ҳамда лойиҳа асосидаги ишларни ташкил қилиш ва газ тармоғи учун малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида тажриба алмашишни фаоллаштириш юзасидан келишувга эришилди.

Айни пайта Ўзбекистон нефтгаз мажмуини ривожлантириш, шу жумладан 2017-2021 йилларда углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтириш юзасидан қабул қилинган Дастур доирасидаги ишлар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш — мен учун юксак шараф. Суҳбатимиз сермазмун ўтди. Биз Ўзбекистон ҳудудида янги йирик лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдик, беш йил давомида Ўзбекистонда қазиб чиқарилаётган газни сотиб олиш юзасидан келишиб олдик. Шунга тегишли шартнома тузиш масалалари кўриб чиқилди. Ушбу битим бизнинг газ соҳасидаги ҳамкорлигимизда янги саҳифа очишини эътироф этиш лозим. Биз бу йўналишда икки томонлама муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш ниятидамиз», — деб таъкидлади учрашув якунлари бўйича Алексей Миллер.

Москвада газ соҳасида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши Тошкентда ўтказилган музокараларнинг амалий натижаси бўлди. Муҳим ҳужжатларни имзолаш маросими 5 апрель куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтди.

Хусусан, «Газпром» томонидан ўзбек газини сотиб олиш юзасидан контракт тузилди. Ушбу ҳужжат 2018 йилдан бошлаб беш йил давомида 4 млрд. куб. метр газ сотиб олишни назарда тутади.

Бундан ташқари, «Газпром» раҳбари Алексей Миллер ва «Ўзбекнефтгаз» МХК бошқаруви раиси Алишер Султанов геологик қидирув ишларини биргаликда ўтказиш ва инжиниринг-инновация ишларини ташкил қилишга оид Битим имзоладилар. Ушбу ҳужжатга мувофиқ «Газпром» ва «Ўзбекнефтгаз» томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги янги истиқболли блоклар ўрганиб чиқилади ҳамда инжиниринг соҳасида ҳамкорликни ташкил қилиш имкониятлари таҳлил қилинади.

Битимларни имзолаш жараёнида томонлар «Газпром» «Ўзбекнефтгаз» билан биргаликда Ўзбекистонда олиб бораётган кенг кўламли ишлар давом эттирилишини таъкидлаб ўтдилар. Бу нафақат янги углеводородлар захираларини кашф этиш ва улардан фойдаланиш учун ишончли истиқболларни яратмоқда, балки икки мамлакат халқларининг фаровонлиги йўлида кўп йиллик ҳамкорлик учун муҳим асос солмоқда.

Сўнгги ўзгартириш: 14.06.2017 14:16